11:19 | 02.03.24

                       

IT-экспорт қилувчиларга бинолар бепул тақдим этилади

IT-парк резидентлари учун рухсат этилган фаолият турлари рўйхатига хорижий давлатда фаолият юритувчи ташкилот томонидан хизматлар кўрсатишни киритиш режалаштирилмоқда.

Юқори технологиялар соҳасидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида IT-экспорт қилувчиларни мамлакатимиз ҳудудларига жалб қилишга қаратилган Zero Risk дастури ишлаб чиқилди. Дастур иштирокчиларига давлат мулкида бўлган бўш бинолар 1 йил муддатга бепул тақдим этилади.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 26 февралдаги «Мамлакатимизда рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, улар компьютер ва бошқа жиҳозларни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркидан етказиб берилганидан кейин бир йил ўтгач сотиб олиш имкониятига эга бўлади. Уларга иш ҳақи миқдорининг 15 фоизигача ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва малакали мутахассисларни танлаш билан боғлиқ харажатларнинг ярмигача миқдори қоплаб берилади.

Хизматлар умумий ҳажмида экспортнинг улуши 50 фоиздан ошган ҳамда амалда 500 минг АҚШ доллари ва ундан юқори бўлган экспорт шартномасига эга бўлган ташкилотлар Zero Risk дастурида иштирок этиши мумкин. Йиллик айланмаси миқдори камида 1 миллион АҚШ доллари бўлган хорижий компания таъсисчилигида ташкил этилган янги ташкилотлар ҳам дастурда иштирок этишлари мумкин. Zero Risk ва Local to Global ташаббуси билан 2024 йилда 100 миллиард сўмгача маблағ ажратиш режалаштирилган. Шундан 65 миллиард сўмини IT-Park, қолган қисмини Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ажратади.

Технопарк дирекцияси чет эл компаниялари шу жумладан, ижтимоий тармоқлар билан Ўзбекистон Республикаси IT-салоҳиятини хорижий давлатларда тарғиб қилишга йўналтирилган продюсерлик ва реклама хизматлари, хорижий телерадиокомпаниялар ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларининг рекламалари, репортажлари ва бошқа роликларини тайёрлаш ва трансляция қилиш бўйича 200 минг долларгача бўлган тўғридан-тўғри шартномалар имзолаш ҳуқуқига эга бўлди. IT-Park кўргазмалар, анжуманлар, ташкилотчилари, шунингдек, хорижий консалтинг компаниялари ва чет эллик маслаҳатчилар билан ҳам худди шундай суммада шартномалар тузиши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: