19:14 | 21.12.23
Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, Серобиддин Исмоилов ноқонуний қарорлар чиқариб, ер майдонларини талон-торож қилинишига йўл қўйган.
Андижон вилоятининг Избоскан тумани собиқ ҳокими Серобиддин Исмоилов қамоққа олинди. Bugun.uz манбасига кўра, Исмоилов ноқонуний қарорлар чиқариб, ер майдонларининг талон-торож қилинишига йўл қўйган.
Мазкур ҳолатлар бўйича Исмоилов шу йилнинг 20 декабр куни Жиноят кодексининг 205, 229-4-моддалари билан жиноят ишига гумон қилинувчи сифатида жалб этилди ва Жиноят процессуал кодексининг 221-моддасига асосан ушланиб, ҳибсхонага жойлаштирилди. 2023 йилда Исмоиловнинг икки нафар ўринбосари пора олаётган вақтида қўлга олинганди.
Маълумот учун, Серобиддин Исмоилов 1974 йилнинг 23 октябр куни Андижон вилояти Олтинкўл туманида туғилган. Маълумоти олий. 1996 йилда Андижон давлат университети математика фани ўқитувчиси мутахассислигини тамомлаган. 2007-2008 йилларда Андижон вилоят ҳокимлиги назорат-мониторинг шўбаси етакчи мутахассиси, 2008-2011 йилларда вилоят ҳокимлигининг диний ва жамоат ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибияти мудири, 2011-2015 йилларда вилоят ҳокимлиги умумий бўлим мудири, 2015-2017 йилларда Андижон вилоят ҳокимлиги халқ таълими бошқармаси бошлиғи, 2017 йил март-2018 йилларда вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, 2018 йилдан буён Избоскан тумани ҳокими бўлиб ишлаган.