15:22 | 03.06.24

                       

Ижтимоий тармоқлардаги сохта психологлар фаолияти тартибга солинади

Ижтимоий тармоқларда миллионлаб аудиторияга эга айрим психологлар фаолияти тартибга солинади.

Узоқ ва қизғин тортишувлар, мунозаралар ва муҳокамалардан сўнг психологик ёрдам кўрсатишни тартибга солишга қаратилган «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, деб хабар берди депутат Шаҳноза Холмахаматова.

Маълум қилинишича, жойларда ўтказилаётган учрашув ва мулоқотларда 2 ёки 3 ойлик шубҳали курсларни тамомлаган шахслар ўзларини «психолог» деб таништириб, одамларнинг вақти ва маблағини ўғирлаётганлиги, бу масалани қонун билан тартибга солиш заруратига оид масала тез-тез кўтарилиб турган.

«Кўп миллионли аудиторияни ўзида жамлаётган ижтимоий тармоқларни ҳам кузатдик: ҳақиқатдан ҳам, 5-6 та рисолани варақлаб чиқиб, одамларнинг ишончига кириб, уларнинг руҳий, маънавий дунёсига дахл қилаётган ‘психолог’лар кўпайганини кўриб турибмиз.

Бу мавзуда илгари ҳам ўз фикримни билдиргандим: психологлар фаолиятига оид қонунчиликни такомиллаштириш шарт ва зарур», — дейди депутат.

Изланишлардан сўнг Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Таъкидланишича, тез орада лойиҳани Палатага киритиш режалаштирилган.

«Ҳозирча илк ва муҳим қадам қўйилди, психологлар фаолиятига оид ҳуқуқий асос яратилади. Қонун лойиҳасида акс эттирилаётган нормалар ва уларнинг мазмун-мақсадига кейинроқ тўхталиб ўтаман», — дейди Шаҳноза Холмахаматова.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: