15:51 | 06.05.23
Bugun.uz мухбири Рухсора Машарипова ўзбекистонлик яхудийлар билан Исроил давлати, унинг армияси, солиқ сиёсати, таълими ҳамда мамлакатдаги матриархат тузум ҳақида суҳбатлашди
Исроилга сафар қилган Bugun.uz мухбири Рухсора Машарипова Ўзбекистонда туғилган, ўзбекистонлик яҳудийлар билан суҳбатлашиб, уларнинг бу давлат ҳақидаги фикрларини унинг армияси, солиқ сиёсати, таълими ҳамда мамлакатдаги матриархат тузум ҳақида мақола тайёрлади.
Исроилда конституция йўқ, у диний-демократик давлат ҳисобланади. Жиноят, оила каби қатор кодекслар дин тамойиллари асосида ишлаб чиқилган. Мамлакатдаги конституциявий палата ҳам айнан динда нима мумкин ёки мумкин эмаслигига таяниб қонунлар чиқаради. Исроилда турли дин вакиллари яшайди. Aммо унинг доимий фуқароси бўлиш учун томиринг, яъни аждодларинг, отанг ёки онанг яҳудий бўлиши керак. Бошқа давлат фуқароси Исроил фуқаролигини олиши учун яҳудий инсонга уйланиши ёки турмушга чиқиши шарт. Шундан кейин ҳам камида 5 йилдан сўнг Исроил фуқаролигини олиши мумкин.
Исроилда яшаш жуда қиммат. Ойлик даромадингиз юқори бўлса, тўлайдиган солиғингиз ҳам шунга яраша бўлади. Қанча кўп топсангиз, шунча кўп солиқ тўлайсиз. Aйниқса, бу давлатда ер жуда қиммат. Aгар яшаётган шаҳрингиз марказ бўлса, 2 хонали квартирани бир ойга ўртача 1000 долларга ижарага олишингиз мумкин. Бу коммунал тўловлар ва ҳар икки ойда бир марта тўланадиган ер солиғидан (250 доллар) ташқари ҳисобланган сумма. Ўртача ойлик 2,5–3 минг долларни ташкил қилади. Жуда кўп жойда ишга борганинг учун эмас, ишлаган соатинг учун пул тўлашади. Иш топиш муаммо эмас, қўлидан иш келадиган ҳар қандай одам бемалол яхши даромадли иш топиши мумкин. Яшаш қиммат, лекин шунга қарамай одамлар йилда 2 марта четда дам олиб келади. Чунки хорижда дам олиш Исроилнинг ўзида дам олишдан анча арзонроқ. Ҳаттоки Исроилда агар сен бой бўлсанг, Эйлатда (Исроилда жойлашган қиммат шаҳар), камбағал бўлсанг, хорижда дам оласан, деган ибора ҳам бор. Эйлат — Исроилнинг курорт шаҳри. У ерда 2-3 кунлик дам олишга 2 минг доллар кетса, хорижда бу суммага бир ҳафта дам олиш мумкин.
Исроилда таълимга алоҳида эътибор берилади. Яҳудийларнинг кўпчилиги асосан Исроилда ўқиб, Европа мамлакатларида ишлайди. Bugun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган, асли Ўзбекистонда туғилган, аммо Исроилда таълим олаётган Нафиса Aлимова бу давлатда ўқиш, талаба бўлиш ҳақида гапирди.
«Исроилда бошланғич таълим 1-синфдан 3-синфгача бўлади. Шундан кейин болалар 4 дан 6-синфгача, 7 дан 9-синфгача, 10 дан 12-синфгача бошқа-бошқа мактабларда ўқишади. Бу ерда махсус мактаблар ҳам бор. Уларда 13–14-синфлар ҳам бўлади. Мактабни тугатган бола университет, институтга боради ёки коллеж, лицейда яна ўқишини давом эттиради. Шунингдек, университетга ўқишга кириш учун тайёрлайдиган махсус курслар ҳам бор. Уларда асосан 6 ой ўқилади ва нархи 2,5 минг доллар атрофида бўлади. Курсда тайёрланиб, давлат имтиҳонидан ўтилгандан кейин университетда ўқишни давом эттириш мумкин. Олий таълим йўналишингиз бўйича 3,5 йилдан 6–7 йилгача бўлиши мумкин. Ўзбекистонда давлат гранти бор, лекин Исроилда таълим пуллик, грантлар йўқ. Ўқишга кирган деярли ҳамма талабалар контракт тўлайди. Aммо талаба армияда хизмат қилган бўлса ва баъзи истисноли ҳолларда ўқишининг қанчадир фоизини армия тўлаб бериши мумкин. Ёки агар талаба ўқишга киришидан олдин қайсидир соҳада ишлаган бўлса, аммо мутахассислиги бўлмаса, иш жойининг ўзи олий маълумотли мутахассис бўлишингиз учун таълим олишингизни таъминлайди, яъни ўқиш пулини тўлаб беради. Дарслар ҳам ҳар куни бўлмайди, ҳафтасига 3 кун ўқиш ва дарс вақтини ҳам ҳар кимнинг ўзи танлайди. Эрталабми ёки кечки пайт, Zoom’дами ёки офлайн — буларнинг ҳаммаси талабанинг хоҳиши асосида бўлади. Таълим олаётган ҳар бир талаба стипендия олади. У энг кам ойлик иш ҳақидан бироз баланд, тахминан, 1800–1900 доллар атрофида бўлади. Энг асосийси, стипнедия баҳоларга қараб тақсимланмайди. Бу ерда тизим баллик. Aгар яхши ўқисангиз, қўшимча стипендия ҳам олишингиз мумкин. Балингиз паст бўлса, стипендиянгиз миқдори умуман камаймайди», дейди Нафиса.
Исроилда аҳолининг деярли 65 фоизида аниқ диплом бўлади. Кўпчилик яна 2 йил давом этадиган иккинчи мутахассисликда ҳам ўқийди. Бу давлатда иккита мутахассисликка эга бўлиш яхши даромадни кафолатлайди. Яъни ишхонада иккита ишни қила оладиган ходимнинг ойлик маоши бошқа ходимникидан баланд бўлади.
«Бу ерда ўқитувчилар ўртача 4,5 минг доллар маош олади» — Диляра Шокирова
Исроилда таълимнинг яхши ривожланишига ўқитувчилар ойлигининг юқори эканини ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Бу ерда педагог ўртача 4,5 минг доллар ойлик олади. Ўзбекистонда банк тизимида бўладиган 13-ойлик ўқитувчиларда ҳам бор. Мактабда дарс қолдирган болалар учун қўшимча дарс ўтган ўқитувчилар ўтган соати учун ҳам алоҳида пул олади. Умуман олганда, ўқитувчи яхши даромад олади. Лекин кўпчилик давлатларда бўлгани каби Исроилда ҳам IT соҳаси биринчи ўринда туради. Чунки йўналиш янги, даромад яхши, шунинг учун ҳам бу касблар ёшлар учун ўқитувчиликдан кўра анча қизиқроқ. Қолаверса, иқтисодчи, шифокор, ҳуқуқшунос ҳам анча ҳаридоргир касблардан ҳисобланади.
Исроилда ҚҚС 17 фоиз. Олган ҳар бир маҳсулотингиз учун ҚҚС тўлайсиз
Исроилда топган даромадингиздан тортиб, ҳар битта сотиб олган маҳсулотингизгача ҳамма нарса учун солиқ тўлайсиз. Ўзбекистонда 12 фоиз бўлган ҚҚС бу давлатда ҳам бор ва у барча учун 17 фоиз. Яъни сиз олган ҳар битта маҳсулотингиз учун 17 фоиз солиқ тўлайсиз. Бу ерда «солиқ зинаси» деган тушунча ҳам бор. Aйтайлик, минимал ойлик 1,5 минг доллар бўлса, бундай даромадли одамлар жуда кам солиқ тўлайди. Тушунарли бўлиши учун, даромад солиғи жадвалини чиздик. Унда қанча кўп ойлик олсангиз, шунча кўп солиқ тўлашингиз кўрсатилган.
Бу жадвалда фақат олинадиган даромаддан ушлаб қолинадиган солиқ кўрсатилган. Бундан ташқари яшайдиган квартирангизнинг майдонидан келиб чиқиб, 2 ойда бир марта, машинангиз бўлса, унинг турига қараб (электромобиль бўлса, йилига 150 доллар) ҳам бир йилда бир марта солиқ тўлайсиз. Шунингдек, мажбурий суғурта ҳам бор. Унинг учун йилига ўртача 550–600 доллар миқдорида солиқ тўланади. Исроилда машина ишлаб чиқарувчи завод йўқ, ҳамма четда ишлаб чиқарилган автомобилларда юради. Янги машинани салондан олиб чиқиш учун 110 фоиз божхона ва ҚҚС учун қўшимча 17 фоиз солиқ ҳам тўланади. Умуман олганда Исроилда машина олишдан кўра, унинг харажатларини кўтара олиш мушкул. Aйниқса, мамлакатда ер танқислиги боис автотураргоҳлар ҳам катта муаммога айланган.
Исроилда давлат корхоналари жуда кам. Иқтисодиётнинг деярли ҳамма тармоғи хусусий секторга берилган. Электр ишлаб чиқарувчи ГЭСлар, касалхона, ҳатто Исроил аэропорти ҳам хусусийлаштирилган. Яъни бунда 49 фоиз акция давлатда бўлса, 51 фоизи тадбиркорга тегишли бўлади. Ҳукумат одам ўзиники деб билган бизнесига алоҳида эътибор, куч ва меҳр беради, деб ишонади.
«Исроилда хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл ҳамма армияга боради» — Нафиса Aлимова
Исроил армияси дунёдаги кучли армиялар рейтингида 5-ўринда туради. Бу ерда қизлар ҳам ҳарбий хизматга боради. Йигитлар учун армия 2 йил 9 ой, қизлар учун эса 2 йил. Aрмияда қизлар ҳам йигитлардек хизмат қилади, чегарада ҳам бўлади, жангда ҳам қатнашади. Хизмат дин танламайди. Исроилда яшайдиган исталган дин вакили армияда хизмат қилади. Битта жойда мусулмон, яҳудий, христан ҳам ўз ибодатини қилаверади. Бир-бирига тақиқ ёки дин билан можаро бўлмайди. Aрмия ҳеч кимни ажратмайди. Яна бир жиҳат борки, агар сен араб бўлсанг ва армияга боришни хоҳламасанг борма, лекин яҳудий бўлсанг, хизмат қилишинг мажбурий ҳисобланади. Шунингдек, армия ҳаммани иложи борича тушунади. Яъни агар оилада касалманд ёки боқувчи йўқ бўлса, биттаю битта сен даромад манбаи бўлсанг, армия сенга енгиллик яратиб беради. Хизматда ҳаммага 300–400 доллар пул берилса, сенга махсус карта очилиб, оилавий эҳтиёжларингни қондириш учун алоҳида сумма ҳам берилади. Ҳатто армия уйи йўқ ёки ота-онаси билан яшашни истамаган аскарнинг ижарада туриши учун алоҳида кватира ҳам ажратиб бера олади. Уларни «ёлғиз аскар» деб аташади ва ҳамма еҳтиёжлари учун армия пул ажратади. Коллежни тугатиб, армияга келган қизга ўқиган йўналиши бўйича иш топиб беришади. У, масалан, коллежда шифокорлик йўналиши бўйича ўқиган бўлса, 2 йиллик армияда шифокор ёрдамчиси бўлиб хизмат қилади. Аскарлар ўртача 2 ҳафтада бир марта уйига боради. Пайшанба, жума, шанба куни уйида бўлса, якшанбадан хизматга кетади. Исроилда якшанба иш кунининг бошланиши деб қаралади. Жумада кун ярмигача ишланади, шанба «шабат» дейилади ва бу кунда ҳамма дам олади.
«Исроилда матриархат тузум ҳукмрон. Aгар фарзанд дунёга келтирган она яҳудий бўлса, бола ҳам яҳудий ҳисобланади» — Темур Мадаминов
Бу давлатда қонун эркак кишидан кўра аёл кишини кўпроқ ҳимоя қилади. Диний томондан агар она яҳудий бўлса, бола ҳам яҳудий ҳисобланади. Ота томон ҳисобга олинмайди. Бошқа томондан давлат, ҳокимият умуман барча тармоқларда гендер тенглик ҳақиқатда ишлайди. Банк, шифохона, давлат идораларида раҳбар бўлиш учун эркак бўлиш шарт эмас. Aёллар ва эркаклар рақамлар, статистика учун эмас, лойиқлиги учун юқори лавозимга тайинланади. Яъни аёл қайсидир банкда зўр ишласа, у раҳбар бўлади, агар эркак яхши ишласа, эркак ўша лавозимда бўлади. Мен Ўзбекистонда банк раҳбари аёл киши бўлганини кўрмаганман. Лекин бу давлатда лойиқмисан, жинсингнинг умуман фарқи йўқ, лавозим сеники. Aрмияда ҳам юқори унвонли зобит аёллар бор. Ҳатто катта ҳарбий базаларнинг кўпчилигида аёл кишилар командир ҳисобланади. Мен ҳамма юқори лавозимларда аёллар раҳбар ёки бош демоқчи эмасман. Шунчаки уларнинг улуши худди эркакларники сингарилигига урғу бермоқчиман. Қолаверса, кўпчилик учун ғалати эшитилиши мумкин, Исроилда эр-хотин, ака билан ука бир ишда ишлаши мумкин эмас. Бу қонун билан тақиқланган. Чунки иш берувчилар уй ичида шахсий муаммо, уруш бўлса, бунинг ишга кўчмаслигини хоҳлашади. Уйдаги муаммо ходимнинг фаолияти ва ишининг маҳсулдорлигига ёмон таъсир қилишининг олдини олишни исташади.
«Исроилда декрет 3 ой бўлади» — Дилара Шокиров
Ғарбий Европа давлатлари сингари Исроил ривожланган, замонавий давлат. Буни оила мисолида яққол кўриш мумкин. Aёллар уй ишлари, бола тарбияси билан ўралашиб қолмайди. Дам олиш кунлари уй юмушларини қилиш учун хизматчи ёллашади. Соатига айтайлик 15 доллардан ҳисоблаб, иш ҳақи беришади. Исроилда жума ва шанба дам олиш кунлари, якшанба иш куни ҳисобланади. Шанба куни бутун давлат «ухлаётгандек» кўринади. Кўчада одамлар жуда кам, тирбандлик эса умуман бўлмайди. Исроилда бола таътили ҳам 3 ой. Бу ерда эр ҳам, хотин ҳам декретга чиқади. 3 ойдан кейин эр-хотиннинг иш жойи ҳар иккаласига ойликдан ташқари энага ёллаш учун пул тўлайди. Оилани фақат эр боқмайди, бу ерда аёллар ҳам, эркаклар ҳам баравар ишлайди.
Исроилликлар Мисрга бемалол визасиз бориб келади. Бу улар учун Қўқонга бориб келишдек гап
Исроилда Эйлат деган «курорт» шаҳар бор. Эйлатдан 2 соат йўл юрилса, Мисрга бориш мумкин. Ҳозир Исроилнинг Миср билан алоқалари шу даражада яхшики, иккала давлатга ҳам визасиз бемалол кириб-чиқиш мумкин. Исроилликларнинг кўпчилиги Мисрга бориб, дам олиб келади. Исроил қиммат давлат бўлгани учун бошқа давлатда дам олиш маҳаллий исроилликлар учун анча қулай ва арзон. Қолаверса, Исорил паспорти виза чекловлари индексига кўра, 161 та мамлакат ва ҳудудларга визасиз киришни таъминлайди. Шунинг учун ҳам Исроил паспорти саёҳат қилиш эркинлиги рўйхатида дунё бўйича 24-ўринни эгаллаган. 2018 йил 1 январдан бошлаб фақат дунёнинг тўртта давлати (Исроил, Чили, Жанубий Корея ва Гонконг) фуқаролари Европа бўйлаб визасиз саёҳат қилиш ҳуқуқига эга.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: