16:45 | 19.05.24

                       

Умра сафари бўйича янги лицензия фаолият тури жорий этилади

Умра сафари бўйича янги лицензия фаолият тури жорий этилади. Олий Мажлис Сенати эллик иккинчи ялпи мажлисида мазкур фаолият ҳақида маълумот берилди.

Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги лицензияланадиган фаолият тури жорий этилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, охирги йилларда фуқароларнинг Умра зиёратига бориб келишида турли муаммоларга дуч келиш ҳолатлари аниқланмоқда. Хусусан, туризм фаолияти билан шуғулланаётган айрим тадбиркорлар Умра сафарига кетиш ҳақидаги рекламаларда берилаётган ваъдаларини бажармаётгани, манзилга етиб борганда меҳмонхоналар билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, кўп ҳолларда эса зиёратчилар бориш-келишда самолёт рейсларининг белгиланган санадан кечикиши каби ҳолатларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан муҳокама қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун бу каби муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қонун билан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ва «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги лицензияланадиган фаолият тури жорий этилмоқда. Бунда ушбу лицензия Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан берилиши ҳамда ушбу лицензияни олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида давлат божи белгиланмоқда.

Бундан ташқари, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар қаторига қўшимчалар киритилмоқда.

Эндиликда Умра тадбирларини лицензиясиз амалга ошириш ёки лицензияларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараварида жаримага сабаб бўлади.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши юртдошларимизнинг энг муқаддас амалларини эмин-эркин ва хавфсиз бажаришига, бу борада ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланишига, турли фирибгарликларнинг олди олинишига, энг муҳими мазкур жараёнда ҳар бир фуқаро давлат ҳимоясида бўлишига хизмат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: