15:27 | 07.04.23

                       

Жаҳон банки Ўзбекистонда 2023 йил иқтисодий ўсиш 5,1 фоизни ташкил этишини прогноз қилди

Банк ҳисоботига кўра, Украинадаги уруш ва Россияга қарши санкциялар мамлакатдаги нархларга таъсир қилишда давом этади

Ўзбекистонда 2023 йилда иқтисодий ўсиш 5,1 фоизни ташкил этиши (Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ҳозирда прогноз қилинаётган энг юқори ўсиш) ва ўрта муддатли истиқболда босқичма-босқич тезлашиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки томонидан 6 апрелда чоп этилган «Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётига шарҳ» ҳисоботида келтирилган.

Банк прогнозига кўра, Украинадаги уруш ва Россияга қарши жорий этилган санкциялар билан боғлиқ транспорт логистикасидаги қийинчиликлар озиқ-овқат ва энергия нархларининг юқори бўлишига ва истеъмолни камайтиришга ёрдам бериши кутилмоқда.

Шунингдек, хусусий сармоя ва савдонинг кўтарилиши ҳамда Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг 2022 йилдаги энг юқори чўққисига чиққанига нисбатан барқарорлашиши кутилмоқда. Хитой иқтисодиётининг кутилаётган тикланиши Ўзбекистондан тўқимачилик ва озиқ-овқат экспортига бўлган талабни ошириши мумкин.

Олтин ва мис экспортидан тушумларнинг ортиши, давлат инвестицияларининг секинлашиши бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3,3 фоизгача қисқаришига олиб келиши мумкин.

Ҳукумат ташқи қарзлар бўйича чекловларга амал қилиши кутилмоқда, бу эса 2025 йилга бориб давлат қарзи ва умумий ташқи қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 32 фоиз ва 55 фоизгача босқичма-босқич қисқаришига олиб келади.

Ижтимоий ҳимоя дастурларини янада кенгайтириш мамлакатда камбағаллик даражасини 2023 йилда 12 фоизга пасайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш прогнозига салбий таъсир кўрсатадиган хавфлар қаторидан Россия иқтисодиётининг янада қисқариши, шунингдек, жаҳон молия бозорларидаги кескин шароит жой олган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: