17:28 | 27.05.24

                       

«Келажакда 20 миллиард долларга етказиш учун ҳаракатдамиз» — Мирзиёев

«Келажакда 20 миллиард долларга етказиш учун ҳаракатдамиз» — Мирзиёев Путинга мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 10 миллиард долларга етганини айтди.

Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Шавкат Мирзиёев Владимир Путиннинг ташрифи «тарихий бўлишига» ишонч билдирди ва унга миннатдорчилик билдирди.

Маълумотларга кўра, Шавкат Мирзиёев мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 10 миллиард долларга етганини таъкидлади. Шунингдек, ташриф доирасида икки мамлакат минтақалари форумини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун Владимир Путинга миннатдорлик билдирди. Унда 28 та ҳудуд етакчилари иштирок этади.

«Бу йилги ўсиш 30 фоизни ташкил этади, бу — жуда яхши кўрсаткич. Мен ва менинг ҳамкасбларим яқин келажакда буни 20 миллиардга етказиш учун ҳаракатдамиз. Ҳақиқий муваффақиятлар мавжуд. Биз ҳудудларга аралашмасдан, балки уларга ёрдам берсак, натижалар жуда юқори бўлади. Демак, бугунги кун ижобий натижалар беради, деб ўйлайман», — дейди у.

Владимир Путин Бундай вакиллик делегациясининг Ўзбекистонга келгани бежиз эмаслигини, бу стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг ўзига хос хусусиятини таъкидлашини айтди.

«Иқтисодий алоқаларнинг ривожланиш темпи ҳақиқатан ҳам жуда таъсирли. Бироқ, Россия статистикасига кўра, савдо айланмаси бироз камроқ. Аммо, умуман олганда, биз сизнинг савдо айланмангизнинг 15,5 фоизини эгаллаймиз, бу — яхши натижа. Ишончим комилки, айни суръатни инобатга олган ҳолда бу кўпроқ бўлади: жорий йилнинг биринчи чорагида, бизнинг статистикамизга кўра, темп жуда қаттиқ: 20 фоиздан ортиқ. Бу — жуда яхши натижа», — деди Путин.

«Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз, Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари туфайли савдо-иқтисодий алоқаларимиз, айниқса, саноат кооперацияси ва юқори технологиялар соҳасида истиқболли тус олмоқда. Бу — энг муҳими. Ўзаро ҳамкорликнинг анъанавий йўналишлари ҳам яхши даражада сақланиб, яхши суръатларда ривожланмоқда», — дея қўшимча қилди Россия президенти.

У Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудлар форуми ўта муҳим йўналиш экани, бу ерда, асосийси, «одамларни безовта қилмаслик, шароит яратиш» деган фикрга қўшилди.

«Ишончим комилки, бу ҳақиқатан ҳам савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларимиз ривожига ҳисса қўшади, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деди Путин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: