11:35 | 05.12.24
Бухоро вилоятининг Когон туманида Мажбурий ижро бюроси ходими давлат маблағларини талон-торож қилиш ҳолатида айбланиб, жиноят иши қўзғатилди.
Когон тумани Мажбурий ижро бюроси (МИБ) мутахассиси давлат ҳисоб рақамларига келиб тушган 321 млн 79 минг сўм маблағни ўз вазифасига зид равишда бошқаргани аниқланди. У мазкур маблағларни 4 нафар таниши пластик карталарига ўтказиб, кейинчалик нақдлаштирган.
Текширувлар давомида мазкур ҳолат тўлиқ тасдиқланган. Жиноят кодекси асосида унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов жараёнлари давом этмоқда.
Аввалроқ, МИБнинг Юнусобод тумани бўлимининг депозит бўйича мутахассиси 13 нафар фуқаронинг пластик картасига ўтказиб олиш орқали бўлим депозит ҳисоб рақамидаги маблағдан 932 млн сўмни ўзлаштириб юборгани хабар берилганди. Ходим бу пулларни онлайн қиморга тикиб, ютқазган. Шунингдек, у судда берган кўрсатмасида пуллардан 200 млн сўмини бўлим бошлиғига берганини маълум қилган. Суд собиқ ходимни 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.