20:00 | 25.05.24

                       

Коронавирус биз билан абадий қолади(ми?)

Олимлар коронавирус бепуштликка ҳам олиб келишини аниқлади.

Covid-19 пандемияси дастлаб 2019 йилда Хитойнинг Ухан шаҳрида аниқлади ва 2019-2020 йилларда коронавирус пандемиясини келтириб чиқарди. Дунё бўйлаб шиддат билан тарқалган касаллик медицинада инқилоб қила олган давлатларни ҳам эсанкиратиб қўйгани ҳеч кимга сир эмас. Вирус билан оғриган беморлар сони 765,2 миллион бўлса, шулардан 20 миллонни бу ҳаётни эрта тарк этди. 2023 йилга келиб Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти коронавирс пандемияси тугагани эълон қилди.

Тўғри, касаллик чекинди, лекин у қолдирган асоратларчи? Вирусдан кейин қандай муаммолар билан шифокорларга мурожаатлар кўпайди? Ўзи бу борада қандайдир тадқиқотлар олиб бориляптими? Бугун шу ҳақда.

COVID-19 эпидемиясининг бошида шифокорлар олдида битта вазифа бор эди – одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ва маккор янги касалликдан азоб чекишни енгиллаштириш. Вақт ўтиши билан касаллик белгилари ва COVID-19 нинг мумкин бўлган асоратлари маълум бўлди. Нафақат касалликнинг даволаш стратегияси, балки COVID дан кейинги асоратларга таъсир қилиш чораларини ҳам ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлди. Маълум бўлишича, ковиддан кейинги оқибатларга инфекциянинг ўзи ҳам, тиббий муолажалар ҳам сабаб бўлади. COVID билан касалланган одамлар мазкур вирус натижасида юзага келган касалликлардан буткул тузалган тақдирда ҳам йилида бир маротаба комплекс тиббий текширувдан ўтишлари лозим. Бунда танада коронавирусдан сўнг қандай асоратлар қолгани ёки қандай янги касалликлар пайдо бўлганини билиб, ўзларини саломатликларини профилактика қилиб борадилар. Бугун бу масала жуда муҳим. Аҳамият берган бўлсангиз, ишда, ўқишда танишларингизнинг хотираси пасайиб кетаётганлиги, аввалгига нисбатан анча ҳолсиз бўлиб қолгани ҳақидаги шикоятлар анча кўпиб қолди. Балки бу ўзгаришлар ўзингизда ҳам кузатилаётгандир?

Нафас олиш тизимидаги асоратлар

Нафас олиш тизими, хусусан, ўпка эркакларда ҳам, аёлларда ҳам коронавирусдан энг кўп азият чекади. Касаллик даврини белгисиз бошдан кечирганлар ҳам иштахасизлик, диққатнинг пасайишидан нолийдиган бўлиб қолишди. Олимлар бундай ҳолатларнинг коронавирус билан қандай алоқаси борлигини ўрганишди. Улар бу ҳолатларнинг кўпйганини ўпканинг вирус билан зарарлангани билан боғламоқдалар. Қуйидаги белгилар тўқималарда кислород етишмаслигини кўрсатади:

  • астеник синдром (умумий заифлик);
  • умумий бузуқлик;
  • уйқучанлик;
  • ишлашнинг ёмонлашиши;
  • бош айланиши, бош оғриғи;
  • иштаҳанинг пасайиши;
  • Диққатни жамлашда қийинчилик, шунингдек, фикрлаш секинлашиши.

Асаб тизимидаги асоратлар

COVID-19 дан тузалиб кетганлар учун баъзида ҳид ва таъмнинг бузилиши номаълум муддат – 2-3 ой, баъзан эса 1 йилгача давом этади (баъзи ҳолларда тўлиқ тикланиш содир бўлмайди). Аммо бу аломатларга қўшимча равишда, бош оғриғи COVIDдан кейинги даврда ҳам давом этиши мумкинлиги аниқланди. Шифокорлар вирус асоратлари руҳий касалликларга ҳам олиб келиши мумкинлигини аниқлашди. Масалан, бир қанча кекса одамларда галлюцинация ҳолатлари қайд этилган. Бундан ташқари асаб тизими билан боғлиқ қўлларнинг узоқ вақт қалтираши, терининг айрим жойларида сезиш ҳиссининг пасайиши ёки увишиб қолиши, умумий асабийлик ҳолатлари асосида ҳам Covid-19 асоратлари ётиши ўрганишлардан маълум бўлган.

Юрак-қон томир касалликлари

Коронавирус асорат қолдирган беморларда энг кўп учрайдиган аломатлар аритмия ва қон босимининг ошиши ҳисобланади. Гипокция фонида юрак етишмовчилиги ривожланиши мумкин, бу ҳаёт учун хавфли ҳолат. Сабаби, касаллик устидан тўлиқ қозонилган ғалабадан кейин ҳам юрак хуружи эҳтимоли узоқ вақт давомида юқори бўлиб қолади. Айрим касалларда ҳаёт учун хавфли бўлган миёкард ҳам кузатилмоқда.

Мускул-скелет тизими

Коронавирусдан тузалгандан кейин мушак ва бўғимларда давомий ва сабабсиз оғриқлар кузатилаётган беморлар ҳам аниқланган. Кўпгина ҳолларда, бу заҳарланишдан кейин қолдиқ таъсирлардир, лекин баъзида артикуляр патологиянинг намоён бўлиши мавжуд.

Юқорида тавсифланган асоратлардан ташқари, COVIDдан кейинги даврда қуйидаги касалликлар юзага келади:

  • иммунитет ҳолатидаги ўзгаришлар;
  • эшитиш нервларининг шикастланиши, эшитиш қобилиятининг бузилиши;
  • кўришнинг бузилиши;
  • қоннинг қалинлашиши (тромбоз) – коронавирус инфекциясининг кенг тарқалган ва хавфли асоратлари;
  • тери тошмаси;
  • соч тўкилиши;
  • бепуштлик;
  • жигар дисфункцияси;
  • псевдомембраноз колит;
  • астеник синдром ва бошқалар.

COVIDдан кейин касалликлар сони ортди

Олимларнинг сўзларига кўра, вирус қолдирган асоратлар ҳали тўлиқ ўрганиб чиқилмади. Сабаби вақт ўтиши билан коронавирус сабаб бўлган янги касалликлар чиқиб келмоқда.

Нодир Рузимуродов, Тиббиёт фанлари буйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим, «COVIDнинг оғирлик даражасини прогнозлаш» диссертация муаллифи сўзларига кўра: «Ўрта оғир ва оғир турларини олиб ўрганилган.  Бунда именологик ва патологик томонларини кўриб, ўрганиб чиқилди. Қоннинг ренологиясига таъсир қиладиган именнологик ёки организм ўзини яллиғланиш олди ва қарши жараёнлардаги именологигия ўрганилди.

«COVID организмда шунақа из қолдирдики, эндиликда турли потологик асоратлар келиб чиқиши бошланди. Бугун дунё бу асоратлар билан курашмоқда».

«Ҳозирги кунда қандли диабет ҳам ўрганилмоқда. Чунки COVIDдан кейин ушбу касаллик билан оғриган беморлар сони сезиларли кўпайган. Бу COVID билан боғлиқми ёки йўқ илмий ўрганяпмиз, – дейди Н.Рузимуродов. – Балки олдин қандли диабет бўлган бўлиши мумкин ва бемор билмагандир. COVID дан кейин бу жараён тезликда ривожланиб кетган бўлиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Бугунги кунда касалликдан кейин қандли диает аниқланган 200 дан зиёд беморларни текшириб, тадқиқот олиб бормоқдамиз. COVID даврида кўплаб беморлар дексаметазон гармони билан даволанди. Қандли диабед бўлганлар сони ортишига шу ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин».

Коронавируснинг наслга таъсири

Дилором Мусаҳажаева, Биология фанлари доктори, профессорнинг сўзларига кўра, «COVID соғлом одамларга таъсир қилганидек, табиий биологик ўзгаришлар бўлаётган ҳомиладор аёл организмига ҳам сезиларли таъсир қилди. Она организмдан болага ҳам ковид ўтади. Бу бир тарафдан яхши. Чунки туғиладиган бола ковидга қарши иммунитет билан дунёга келади. Аммо асоратларга қарайдиган бўлсак, баъзи болаларда ривожланишдан орқада қолиш кузатилмоқда. Ва бу хавфли синдромдир.

Ҳатто, COVID бўлиб тузалганидан кейин ҳомиладор бўлган аёлларнинг ҳолатларини ҳам ўргандик. Маълум бўлишича, бу ҳам хавфли. 1-3 ойликда ҳаттоки, ярим йилдан кейин касалланганда ҳам асоратлари қолади. Камида 6 ой давомида ҳомиладорликда болада турли асоратлар келиб чиқиши мумкин. COVIDдан тузалган аёллар ҳомиладорликдан олдин ҳомиладорликка тайёргарлик  текшуирувлардан тўлиқ ўтиши керак. Бу организм ўзини тўлиқ тиклашидир. Фақатгина шундан кейин ҳомиладорликка ҳаракат қилинса соғлом бола дунёга келади.

Шунингдек, биз ота ҳақида ҳам унутмаслигимиз керак. Агар бўлажак ота ҳам COVID билан оғриган бўлса, албатта, у ҳам соғлиғидаги муаммоларни бартараф этиб, ундан кейин фарзандли бўлишга ҳаракат қилиши керак. Ана шундагина соғлом бола дунёга келади».

Кўпроқ кимлар асоратлардан азият чекади

Пандемия кучсизлангани билан бир гуруҳ беморлар унинг асоратларидан қутила олишмайди. Шифокорларнинг сўзларига кўра қуйидаги гуруҳларга мансуб беморларда асоратлар сақланиб қолади ва улар бу асоратлар билан қачонгача курашишларига тўғри келиши ҳозирча фанга маълум эмас.

  • 60 ёшдан ошган одамлар;
  • юрак-қон томир тизими касалликлари бўлган шахслар;
  • диабет билан оғриган одамлар;
  • семизлик ва бошқа метаболик касалликларга чалинган шахслар;
  • бронхопулмонер трактнинг сурункали касалликлари бўлган беморлар;
  • чекувчилар, гиёҳвандлик ва алкоголга қарамлар;
  • аутизм касалликлари бўлган одамлар;
  • жигар ва буйракларнинг сурункали патологияси;
  • саратон касаллиги;
  • биргаликда бактериал ёки вирусли инфекция билан оғриган беморлар ва бошқалар.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: