9:00 | 28.11.23

                       

Коррупцияга қарши курашни ошириш бўйича Президент фармони эълон қилинди

Эндиликда барча маълумотлар очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилиб, «Ҳаж» зиёратига онлайн навбатлар ҳам шаклланади. Давлат органларидаги ишонч телефонларининг доимий равишда ишлаб туриши «Сирли мижоз» тадбири орқали назоратга олинади.

Кеча, 27 ноябр куни «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони эълон қилинди.

Фармонга асосан, ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилади ва ушбу жиноятлар ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун агентлик ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиб боради.

Ҳар ярим йилда эса жиноятларнинг олдини олиш учун кўрилаётган чоралар Миллий кенгаш йиғилишларида тегишли давлат органи ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилинади.

Шунингдек, 2023 йилнинг 1 декабр санасидан бошлаб Очиқ маълумотлар портали ҳамда вазирлик ва идораларнинг веб-сайтларига бошқа очиқ маълумотлар қаторида қуйидагилар ҳам жойлаштирилади:

  •  ҳудудлар кесимида «Ҳаж» зиёратига бориш учун навбатда турган фуқароларнинг ягона онлайн навбати;
  •  болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати;
  • давлат харидларини амалга оширишга оид тартиб-таомилларни белгиловчи ички ҳужжатлар;
  • бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилинадиган ҳужжатлар;
  • нодавлат нотижорат ташкилотларига ажратилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларининг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлар.

Президент фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органларидаги ишонч телефонларининг доимий равишда ишлаб туришини «Сирли мижоз» тадбири асосида текшириш вазифаси ҳам топширилган.

Бунда ишонч телефонларининг (Call-марказ) ҳамда давлат ташкилотларининг ўз расмий веб-сайтларида эълон қилинган телефон рақамларининг доимий равишда ишлаши, маълумотлар алмашинуви самарадорлиги, қайта алоқанинг мавжудлиги, шу жумладан, тезкорлиги ва белгиланган муддатларда амалга оширилиши даражасини текшириш ишлари олиб борилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: