11:16 | 28.11.23

                       

«Космонавтлар» метро бекатидаги ёнғин рад этилди — видео

Ëнғин метро яқинидаги ер ости коллекторида келиб чиқиб, бунинг оқибатида пойтахтнинг Яккасарой, Мирзо Улуғбек, Миробод, Чилонзор ҳамда Учтепа туманларининг баъзи ҳудудларида интернетга уланишда қийинчиликлар кузатилмоқда.

Тошкент метрополитенининг «Космонавтлар» бекатида чиққан ёнғин бўйича «Тошкент метрополитени» муносабат билдирди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қайд этилишича, 28 ноябрда «Космонавтлар» метро бекати яқинида жойлашган Тошкент электр тармоқларига тегишли электр кабелларда қисқа туташув юзага келган.


Метро бекати яқинидаги ёнғин метрополитен фаолиятига таъсир қилмаган, «Космонавтлар» бекатида барча қурилмалар нормал ҳолатда ишламоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Bugun.uz’даги мавжуд маълумотларга кўра, ер остидан ўтган коллекторда ёнғин эҳтимол соат 4:50 лар атрофида бошланган. Ëнғин ушбу коллектордаги 10 кВ кучга эга бўлган кабелдаги қисқа туташув оқибатида келиб чиққан бўлиши мумкин. Ҳозирда Яккасарой, Мирзо-Улуғбек, Миробод ҳамда Чилонзор туманларининг баъзи ҳудудларида интернетга уланиш бўйича қийинчиликлар қайд этилган.

Ҳудудий электр тармоқларига кўра, «Сайилгоҳ» подстанциясидан чиқувчи 35 кВ кучланишли кабел тармоғи ёниб кетган. Ëнғин оқибатлари бартараф этилгунга қадар истеъмолчилар тўлиқ бошқа тармоққа ўтказилиб, ёнғин қайд этилган ҳудуд яқинида электр энергияси таъминотида узилишлар қайд этилмаган.