9:43 | 06.02.24
Миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омили сифатида бизнес учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида «Бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури» доирасида комплекс қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш орқали камида 200 мингта янги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, 90 мингта корхона ва 110 мингта якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилиши, шунингдек, янги иш ўринларини таъминлаш орқали 5 миллион аҳолининг бандлиги учун зарур шароитлар яратилиши белгиланган.
5 февраль куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармон лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мажлисда сенаторлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳа «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилганига урғу беришди.
Хусусан, давлат дастурининг «Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш» йўналиши доирасида ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатини 6 фоиздан кам бўлмаган даражада, инвестицияларни эса ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан камида 30 фоиз бўлишини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида 18 миллиард долларлик 309 та йирик лойиҳани ишга тушириш белгиланган.
Шунингдек, иқтисодиётга 275 триллион сўм кредит ресурсларини йўналтириш, шу жумладан, 41 триллион сўмлик микромолия хизматлари кўрсатилишини таъминлаш, банклар томонидан тақдим этиладиган кредит ставкаларини бозор механизмлари асосида 2–3 фоиз бандга пасайтириш учун зарур шароитлар яратиш мақсад қилинган.
Ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилиши кўзда тутилган.
«Ёш тадбиркор» танлови асосида «маҳалла – туман – вилоят – республика» босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланиши, республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилиши ва кредит ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилиши, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омили сифатида бизнес учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида «Бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури» доирасида комплекс қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш орқали камида 200 мингта янги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, 90 мингта корхона ва 110 мингта якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилиши, шунингдек, янги иш ўринларини таъминлаш орқали 5 миллион аҳолининг бандлиги учун зарур шароитлар яратилиши белгиланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: