14:57 | 25.10.23

                       

«Кун ўтса бўлди» қабилида иш тутадиган раҳбарлар – энг катта душман — Шавкат Мирзиёев

Давлат раҳбари «асосий ҳамкор давлатлар бозоридаги тебранишлар» ҳақида ҳам тўхталган.

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига амалга оширган ташрифи давомида Қарши шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев йиғилишда дунёдаги вазият ва зиддиятлар тобора кучайиб бораётгани, бундай шароитда бефарқ бўлиб, «кун ўтса бўлди» қабилида иш тутадиган раҳбарлар энг катта душман эканини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот котиби

«Мамлакатимиз, халқимиз тинчлиги, фаровонлиги ва келажаги учун янги корхоналар, иш ўринлари, янги бозорлар, инвестиция, катта-катта тушумлар керак», – дейди Президент.

Давлат раҳбари, шунингдек, ҳоким ва вазирлар асосий ҳамкор давлатлар бозоридаги тебранишлар, савдо чекловлари давом этаверса, маҳсулотларни қаерга ва қандай сотиш керак, қайси корхонага қандай кўмак бериш зарур, деган масалалар устида бош қотириши шартлиги айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қарши шаҳрида ўтаётган мазкур йиғилишда қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов лавозимидан озод қилиниб, унинг ўрнига бунгача олий таълим, фан ва инновациялар вазири бўлиб ишлаб келаётган Иброҳим Абдураҳмонов тайинланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: