20:00 | 04.06.24

                       

Магнит бўронлар нима ва у одамларга қандай таъсир қилади?

Охирги вақтларда магнит бўрони ҳақида кўп эшитяпмиз. Ушбу бўрон даврида баъзиларни бошоғриқ безовта қилса, баъзилар эса қон босими ошганидан шикоят қилади. Хўш, магнит бўрони нима? Унинг инсон организмига таъсири қандай?

Магнит бўрони бу Ер магнит майдонидаги кучли бузилишлар бўлиб, улар унинг нормал йўналишини кескин бузади ва бир неча соатдан бир неча кунгача давом этади. Бу космик об-ҳавога боғлиқ бўлиб, қуёш чақнашлари натижасида юзага келадиган ўзгаришлардир. Улар Ердаги сунъий йўлдош ва бошқа технологияларга, шунингдек, инсон ҳаёти ва соғлиғига таъсир қилиши мумкин. Бу ҳолатни «об-ҳаво» деб аташгани бежиз эмас. Ерга яқин фазонинг ўзига хос бўронлари (магнит ва ионосфера), ўз булутлари (сокин ёки мезосфера), ўз шамоли (қуёш) ва ҳатто, ўзининг ёмғири ҳам (бу қутб ионосферасидаги ҳодисалардан бирининг номи) – об-ҳавонинг барча атрибутлари мавжуд.

Магнит бўронлар қаердан келади?

Магнит бўрони бу – қуёшнинг фаолли кучайиши туфайли юзага келадиган Ер магнит майдонидаги кескин ўзгаришларга берилган ном. Қуёш доимий равишда коинотга ионланган заррачаларни – асосан протон ва электронларни чиқаради. Бу эса ўз навбатида электр қурилмаларини ўчиради. Етарлича кучли бўрон бўлса, сайёра бир неча ой давомида тош даврига тушиб қолиши мумкин.

Магнит бўронлар одамларга қандай таъсир қилади

Тиббиётчилар орасида ҳали ҳам геомагнит бўронлар саломатликка таъсир қилиши мумкинлигига шубҳа қиладиганлар бор. Чунки космик об-ҳаво ўзгариши одамларга, масалан, кундалик жисмоний фаолиятга қараганда камроқ таъсир қилади.

Бироқ, инсон танаси ҳужайралари маълум бир электр зарядига эга ва у космик об-ҳаво ўзгаришига жавоб беради. Шунинг учун, агар геомагнит майдон тебранишларининг частотаси юрак қисқариши ритмига тўғри келадиган 1-2 сония бўлса, юрак ва қон томирлари патологиялари бўлган одамлар ўзларини ёмон ҳис қилишлари мумкин. Инсульт, юрак хуружи ва гипертоник инқирозларнинг тахминан 70% магнит бўронлари пайтида содир бўлишининг сабаби шундан.

Турли манбаларга кўра, магнит бўронлари:

  • тўқималарнинг кислород очлигини қўзғатадиган капилляр қон оқимини секинлаштиради;
  • қон босими муаммоларини кучайтиради;
  • уйқусизликка олиб келади;
  • тахикардияга олиб келади;
  • мигренни қўзғатади;
  • таянч-ҳаракат тизими касалликлари билан боғлиқ муаммоларни кучайтиради.

Олимлар орасида бу табиий ҳодиса одамлар ва ҳайвонларга қандай таъсир қилиши ҳақида аниқ фикр йўқ. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, магнит бўронлари даврида миёкард инфаркти ва инсультдан ўлим сони ортади. Муайян геомагнит ҳодисанинг инсон саломатлигига таъсирини баҳолаш қийин. 

Маълум бўлишича, баъзи одамлар магнит бўрони бошланишидан 1-2 кун олдин, яъни қуёш чақнашлари пайтида кучайган стрессга дуч келишади. Магнит майдон тебранишларининг тирик организмларга таъсирини ўрганадиган фан геобиология деб аталади.

Магнит бўрони вақтида нималар қилиш керак?

Магнит бўронли кунларда гипертония билан оғриган одамлар кўпроқ сув ичишлари ва туз истеъмолини камайтиришлари керак, чунки туз танадаги суюқликни ушлаб туради ва қон босимининг ошишига олиб келади.

Олимлар магнит майдондаги тебранишлар танага қандай таъсир қилишини ҳали етарлича ўрганмаган бўлишига қарамай, шифокорлар босим кўтарилишига тоқат қилолмайдиган одамларга магнит бўрони вақтида соғлиғига эътиборли бўлишни, керакли тадбирни кўришни тавсия қилади.

Шахноза Халикова тайёрлади

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: