9:11 | 11.05.24

                       

Ўзбекистонликлар хорижлик иш берувчилар талабига кўра қўшимча ўқитилади

Ўзбекистонликлар хорижлик иш берувчилар талабига кўра қўшимча ўқитилади. 150 минг киши даромади юқори мамлакатларга ишга юборилади

Шавкат Мирзиёев ҳузурида маҳаллаларда бандликни таъминлаш ва меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда маҳаллаларда бандликни таъминлаш ва меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш чоралари муҳокама қилинган.

«Бандлик ва аҳоли даромадини ошириш – давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши. Шу мақсадда кўплаб иқтисодий-ижтимоий дастурлар амалга оширилмоқда. Янги-янги лойиҳалар ишга туширилмоқда. Тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилишга кенг йўл очилган», – деб ёзди Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ишлар ҳамма жойда ҳам бирдек ташкил қилинмаётганини кўрсатиб ўтди. Бугунги мураккаб вазиятда одамларни ишли ва даромадли қилишнинг ягона йўли ички имкониятларни тўла сафарбар этиш эканини таъкидлади. Фуқароларни чет элда ишлашга тартибли ва хавфсиз жўнатиш, Ўзбекистонга қайтганларнинг бандлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан. Шу боис Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятига эътибор қаратилди. Барча ҳудудларда «Хорижга иш – маҳалладан» тамойили йўлга қўйилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Етарли малакаси бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга қўшимча ўқитилади, хорижлик иш берувчилар талабига қараб мақсадли тайёрланади. Шу асосида яқин муддатларда 150 минг киши даромади юқори мамлакатларга юборилиши мўлжалланган.

Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Сайхунобод тажрибаси асосида уларга томорқада маҳсулот етиштириш, тадбиркорлигини очишга ташкилий-молиявий кўмак берилади. Давлат раҳбари фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш, бандликни таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, «маҳалла еттилиги» тизими билан интеграция қилиш, хорижда қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: