12:00 | 29.11.23

                       

Марказий Осиёда трансчегаравий биологик хилма-хилликни сақлаш масалалари муҳокама қилинди — видео

Азиз Абдуҳакимов Марказий Осиёдаги умумий трансчегаравий йўлакларда экологик ва иқтисодий манфаатлардан фойдаланиш ҳамда табиатга боғлиқ туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган умумий қарашларни шакллантириш кераклигини айтиб ўтди.

Тошкентда Марказий Осиёда трансчегаравий табиатни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий мулоқот ўтказилмоқда ва унда минтақадаги беш давлат ташкилотлари, маҳаллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ташкил этилган бундай тадбир Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN), Жаҳон банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

«Ўзбекистон ҳукумати минтақавий трансчегаравий биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича билим ва тажриба алмашиш имконини берадиган тадбирига мезбонлик қилишдан мамнундир. Бу биз учун Марказий Осиёдаги умумий трансчегаравий йўлакларда экологик ва иқтисодий манфаатлардан фойдаланиш ҳамда табиатга боғлиқ туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган умумий қарашларни шакллантириш учун имкониятдир», — дейди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида.

Тадбир Жаҳон банкининг Марказий Осиё учун барқарор ландшафтлар (RESILAND CA+) дастури ва GIZ томонидан амалга оширилаётган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида тегишли соҳаларда ҳамкорликни рағбатлантирадиган учта минтақавий дастур: Яшил Марказий Осиё, Марказий Осиёда интеграциялашган ва иқлимга сезгир ерларни бошқариш (ILUCA) ҳамда Оролбўйи минтақасининг экологик йўналтирилган минтақавий ривожлантириш (EKO ARAL) дастурлари доирасидаги тадбирларнинг бир қисми ҳисобланади.

Вазирлик билдиришича, чегаралар билан ажратилган экотизимлар кўпинча турли хил сиёсат ва бошқарув тузилмаларига бўйсунади. Табиатни трансчегаравий муҳофаза қилиш иштирокчи мамлакатлардаги тегишли томонлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш орқали ушбу фарқларни бартараф этишнинг бир усули ҳисобланади. Мулоқот ёввойи табиатнинг гуллаб-яшнаши ва экотизим хизматларининг кўпайиши каби экологиядан тортиб, сиёсий ҳамкорлик, умумий чегарага эга мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорлик ва ижтимоий ривожланишга қадар кўплаб афзалликларни яратиб беради.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакили Марко Мантованелли Жаҳон банки Марказий Осиё давлатларининг трансчегаравий биохилма-хилликни сақлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини олқишлашини билдириб ўтган.

«Биз RESILAND CA+ дастуримиз орқали минтақавий мулоқот ва ушбу соҳадаги аниқ ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Хусусан, Банк томонидан молиялаштирилган лойиҳа Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарасидаги олтита трансчегаравий йўлакда ерларни қайта тиклаш бўйича аниқ тадбирларни амалга оширишга ёрдам беради», — дейди Марко Мантованелли.

Трансчегаравий муҳофаза қилиш қўриқланадиган майдонларни кўпайтириш ва ўзаро алоқани яхшилаш кўчиб юрувчи турларнинг узоқ муддат омон қолишига ёрдам беради. Бу жайрон ва сайғоқ каби ноёб турларга бошпана берадиган муҳим миграция йўлаклари жойлашган Марказий Осиё учун катта аҳамиятга эга.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: