13:28 | 14.02.24

                       

Марказий Осиёда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича янги лойиҳа иш бошлади

Германия халқаро иқлим ташаббуси томонидан қўллаб-қувватланган 11 млн евро миқдоридаги Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг қўшма ташаббуси олти йил давомида амал қилади.

13-феврал куни Самарқанд шаҳрида CMS COP14 доирасида «Марказий Осиёда ягона саломатлик» лойиҳаси ишга туширилди. Бу ҳақда Bugun.uz мухбир хабар берди.

Фото: Bugun.uz

Лойиҳанинг очилишига бағишланган тадбирда давлат сектори ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар, соҳа экспертлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

IUCN’нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Оливер Аврамоскининг айтишича, лойиҳа олти йил ичида Марказий Осиёнинг бешта давлати томонидан амалга оширилади.

Фото: Bugun.uz

«Сўнгги бир неча йил ичида биз COVED-19 каби зоонотик касалликларнинг тарқалиши глобал таъсирга эга бўлиши мумкинлигини кўрдик. Бу бутун мамлакатларнинг демобилизациясига, транспорт алоқаларининг узилишига, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларининг кескинлашишига ва улкан ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келди, — деди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. — Қўриқланадиган табиий ҳудудларни барқарор бошқариш, ноёб биологик хилма-хилликни сақлаш ва Марказий Осиё минтақасида экологик мувозанатни мустаҳкамлаш бўйича минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш тарафдоримиз».

Фото: Bugun.uz

Йирик минтақавий ташаббус Марказий Осиёда «Ягона саломатлик» ёндашувини амалга оширишга ёрдам беради. «Марказий Осиёда табиатни муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш орқали пайдо бўлаётган зооноз касалликларга ландшафтнинг чидамлилигини ошириш» тўлиқ сарлавҳали тадбирларда инсон, ҳайвонлар ва атроф-муҳит саломатлигининг ўзаро таъсирига эътибор қаратилади ва мураккаб муаммоларни ҳал қилишда яхлит ёндашув зарурлигини таъкидлайди.

«Яшаш жойларининг йўқ бўлиши биологик хилма-хиллик йўқолишининг асосий сабаби бўлиб, ёввойи ҳайвонларни эксплуатация қилиш ва уларнинг яшаш жойларини йўқ қилиш билан боғлиқ инсон саломатлиги учун кўплаб хавфлар мавжуд. ‘Ягона саломатлик’ ёндашуви Марказий Осиё учун муҳим, чунки ёввойи ҳайвонлар, чорва моллари, одамлар ва уларнинг экотизимлари саломатлиги бир-бирига боғлиқ», — деди Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенциянинг ижрочи котиби Эми Франкел.

Келгусида IUCN, миллий ва халқаро ҳамкорлар, жумладан, Марказий Осиёнинг барча бешта давлати зооноз касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича «Марказий Осиёда ягона саломатлик» лойиҳасини амалга оширади. Мутахассислар қўриқланадиган ҳудудларнинг адолатли ва самарали минтақавий тармоғини мустаҳкамлаш, касаллик хавфини камайтириш учун табиатни муҳофаза қилиш ва ёввойи табиатни бошқаришни кучайтириш, зооноз касалликларни тадқиқ қилиш ва технология соҳасидаги сўнгги ютуқларни илгари суриш устида иш олиб боради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: