12:39 | 24.11.23

                       

Машҳур «Тангатопди»да беш мингдан ортиқ дарахт экилди

Экология вазирлиги ушбу ҳудудда 15 гектарлик боғ яратган.

Экология вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани «Тангатопди» қишлоғидаги «Экология боғи»да вазирлик ходимлари Сенат билан биргаликда қрим қарағайи кўчатларини ўтқазишган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Президентимиз ташаббуси билан «Яшил макон» лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллиондан ортиқ манзарали дарахтлар экилмоқда. Хусусан, Экология вазирлиги ва Сенат ҳамкорлигида Оҳангарондаги «Тангатопди» қишлоғидаги 15 гектар ҳудудда боғ яратилди. Бугун мана шу боғда узоқ йиллик, иқлимга чидамли дарахтлар экиляпти. Мазкур жараёнга ёшларни ҳам кўпроқ жалб қиляпмиз. Мақсадимиз ёшлар онгида экологик маданиятни шакллантиришдир»,- деган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров.

Боғнинг майдони 15 гектарга тенг бўлиб, 2023 йил охирига қадар 7500 та қрим қарағайи дарахтини экиш режалаштирилган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Ҳудудда 5000 дан ортиқ дарахт кўчатлари экилди. Бугунги кунда 1000 дан ортиқ дарахт кўчатлари экилмоқда. Экилган кўчатларнинг қуриб қолмаслиги, ўсиб бориши Экология вазирлиги ходимлари томонидан доимий назорат қилинади»,- деган вилоят Экология бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир Йўлдошев.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: