18:42 | 13.09.23
Тадқиқотчилар жасад минг йилдан ортиқ сақланганини тахмин қилишмоқда.
Мексика Конгрессида ўзга сайёраликларга тегишли эканлиги айтилаётган иккита номаълум жасад намойиш қилинди. Бу ҳақида Daily Mail нашри хабар қилди.
Ўнлаб йиллар давомида сирли ҳодисаларни текширишга раҳбарлик қилган олим Хайме Мауссан кеча, 12 сентябр куни Мексика Конгресси олдида ташкил этилган тадбирда олимлар иштирокида иккита номаълум жасадни жамоатчиликка тақдим этди. Олимлар гуруҳи Перунинг Куско шаҳридаги кондан топилган мазкур мурдаларнинг генетик таркиби одамникидан атиги 30 фоизга фарқ қилгани ҳақидаги ғайриоддий даъвони илгари сурмоқдалар.
Мексика Миллий Автоном Университети томонидан ўтказилган текшириш жараёнида углерод қотишмага айланган мавжудот танаси уч бармоқли қўллар, инсонникига ниҳоятда ўхшаб кетадиган оёқлар ва тана шаклидан иборат эканлиги аниқланган. Тадқиқотчилар жасад минг йилдан ортиқ сақланганини тахмин қилишмоқда.
«Улар ўзга сайёраликларми ёки йўқми, биз билмаймиз. Лекин улар ақлли бўлган ва биз билан яшаган. Бу топилмалар тарихни қайта ёзиши мумкин. Биз бу улкан оламда ёлғиз эмасмиз, биз бу ҳақиқатни қабул қилишимиз керак,» — деган тадқиқотчи Мауссан.