12:14 | 25.07.23

                       

«Мен чиққан ‘такси’ларнинг ҳар тўрттасидан бири аёлнинг уйдаги асл вазифаларини тушунтирадиган агрессив домла…»

Америкаликларда «одамгарчилик» йўқ. Қоидани буздингми, жазолашади. Барча нарсани қонун-қоида бўйича қилишади. Ўзбекистонда таниш-билиш орқали ёки одамгарчилик юзасидан исталган ишингизни битириб беришлари мумкин.

Аввал, 2019 йилдами, АҚШда яшайдиган Беҳзод Мамадиев деган одам Facebook’да Америка ва Ўзбекистондаги такси хизматлари ва ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига риоя қилишлик даражаларини солиштириб, катта пост ёзганида, менга эриш туюлганди. Америка Америка-да, ҳеч қайси тарафдан рақобат учун етиб бўлмайдиган давлатниям солиштирадими одам, деб ўйлагандим. Аслида, унинг нияти бошқа бўлган экан. Қиёслаш орқали содда тил билан одамларимизнинг қотиб кетган, ахлоқ ва одат даражасига кўтарилган стреотипларни бузиб ташлашни истаган экан. Ўша постни улашай:

Америкаликларда «одамгарчилик» йўқ. Қоидани буздингми, жазолашади. Барча нарсани қонун-қоида бўйича қилишади. Ўзбекистонда таниш-билиш орқали ёки одамгарчилик юзасидан исталган ишингизни битириб беришлари мумкин. Агар мавжуд қоида ёки тартиб бўйича оёқ тираб туриб олсангиз, сизни ноинсофликда, «коммунист»ликда айблашади.

  • Такси келса, америкаликлар орқа ўриндиққа ўтиради; ўзбекистонликлар, одатда, шофёр олдига;
  • Америкада бировдан ойлик маошини сўраш одобсизлик ҳисобланади. Ўзбекистонликлар эса илк учрашувдаёқ ойлигинг қанча, деб сўрашдан тортинмайди;
  • Ўзбекистонда шофёр олдига ўтириб хавфсизлик камарини тақсангиз, шофёр, «сизга шарт эмас», дейди ёки «яхши ният қилинг, ака» деб тўнғиллайди. Америкада камар тақиш машинани ўт олдиришдек унутилмас одатга айланган;
  • Америкада полициячи ҳужжатларни машина олдига келиб расмийлаштиради. Ҳайдовчи машинадан тушмайди ва полициячи билан баҳслашиши мумкин эмас. Баҳслашса, ўша заҳоти қамоққа олиниши мумкин. Шикоятини судга билдириши керак, уни айбдор деб топган полициячига эмас. Ўзбекистонда шофёр машинадан тушиб ГАИ ходими олдига боради ва камида 15-20 минут ГАИга қоида бузмаганини тушунтиришга уринади. ГАИ ходими ҳам у билан тортишиб ўтираверади. Аслида 100 фоиз айбдор бўлса ҳам, жарима олган ҳайдовчи ГАИ ходимини бўралатиб сўкиб, кейин кетади;
  • Америкада машиналар учун йўлаклар (полоса) сони нечта бўлса, машиналар қатори ҳам шунча бўлади. Ўзбекистонда икки полосали йўлда учта ёки тўртта машиналар қаторини кўришингиз мумкин;
  • Америкада чорраҳада светофор ишламай қолса, ГАИ ходими келгунча ёки светофор иши тиклангунча ҳайдовчилар ҳаракатни ўзлари бошқаради. Бир-бирига навбат берган ҳолда тўртта кўчада ҳам ҳаракат табиий ҳолда давом этади, ҳеч қандай тиқилинч бўлмайди. Ўзбекистонда ҳамма тезроқ ўтиб кетишни хоҳлаб чорраҳа марказига интилади, натижада ҳеч ким ўта олмайди. Соатлаб тиқилинч пайдо бўлади…

Ундан ташқари, таксист билан боғлиқ шундай дақиқалар борки, бу А нуқтадан Б нуқтага етиб боргунча, «қулоқ-миянгни ейдиган», «асабинг торларини оҳиста, бир-бир чертадиган вақт» деб аталади. Бу бахтиқаро муддат ичида етти ёт бегона ҳайдовчи шахсий чегараларингни бузиб киришга шунчалик қаттиқ киришадики, баъзида ҳайдовчилар пул эмас, бировларнинг ҳаётини титкилашни яхши кўргани учун шу иш билан шуғулласа керак деб ўйлаб қоламан.

Мен чиққан «такси»ларнинг ҳар тўрттасидан бири аёлнинг уйдаги асл вазифаларини тушунтирадиган агрессив домла, ҳар учтасидан бирининг уйида янги, «селофан» машинаси бор, бугун адашиб Matiz’ни, шалдираб қолган Nexia’сини ҳайдаб чиққан, ҳар иккитасидан бири ажрашган ва деярли ҳаммаси барча бахтсизликларига вилоятдан келганларни айбдор деб билади, деярли ҳар бири бензин нархи ошиб ётгани, мен эса инсофсизларча гапига эътироз билдириб кетаверганим учун манзилга етиб боргунча нотация ўқийди.

Муомала, майли, у табиий фаросат билан юзага келади. Ўзида бўлмаса, қийин. Лекин баъзилар бузилмас қоида ҳисобланган ҳолатларни ўзгартиришга уриниши: картадан тўловни бекор қилиши, тарифларга мос хизмат кўрсатмаслиги, маълум такси агрегаторининг ҳисоблагичини ўчириб қўйишни мижоздан илтимос қилиши — қонни қайнатади. Тўғри, ҳозир нисбатан камайган, бироқ барибир гапирмаса бўлмайди.

Тасаввур қилинг, сиз мижозсиз ва «Фалончи такси» чақирдингиз. Машина келди, ўтирдингиз, манзил томон ҳаракатланишни бошлади. Юз-икки юз метр ўтар-ўтмас, ҳайдовчи манзилни аниқлаб олгач, сиздан «иловани (ўша такси агрегаторининг махсус иловаси) ўчириб қўйсам майлими?» деб сўрайди. Нимага десангиз, компанияга тўланадиган комиссияни ўзида қолдиришни хоҳлашини айтади. Дейлик, 15% депозитидан ечиб олинади. Ҳайдовчи бу жуда қиммат деб, «тирикчилик қилиб юрибмизда, қўллаворинг» деб ўзини оқлашни бошлайди… Ва узоқ ҳаёт қийинчиликлари ҳақида сўзлайди.

Сиз ҳайдовчининг программани ўчириб, манзилингизга олиб боришига рози бўласизми, ёки бунга қарши эканингизни айтасизми?

Мен доим қарши бўламан. Ҳайдовчи билан йўл охиригача баҳслашишга тайёрман, бу кайфият тушишига сабаб бўлсада. Шу кунгача тажрибамда 6-7 марта программани ўчириб қўйишга рухсат сўрашди. Кўнмадим.

Ҳайдовчи ҳаётидаги муаммолар, автомобил эксплуатасияси, бензин нархи, йўллар сифати ва 7% дан 15 %гача ошган комиссиялар ҳақида гапирганда «бўпти, сандан нима кетибди, ўчиришига рози бўлақол» деб ўйлаган пайтим кўп бўлган. Лекин, охирида барибир йўқ деганман.

Ҳайдовчиларга қилган ягона яхшилигим, унинг бу «таклифи» ҳақида компанияга маълум қилмаганим. Биринчидан, принцип. Ҳайдовчи ва мижоз ўртасида компания орқали шартнома тузилдими, иккала томон ҳам бунга ўз ихтиёри билан рози бўлдими, бажариш керак. Бу шарт! Бўлмаса, таксист кўчадан мижоз ахтарсин. Ҳар қоидани бизга ноқулайлиги учун айланиб ўтаверганимиз учун ҳам жамият ўлароқ биримиз икки бўлаётгани йўқ.

Иккинчи томони, ҳайдовчининг айтганига кўниб, мен икки марта ютқизаман: кўчада такси тутгандек савдолашиш имкониятим йўқ, мен барибир комиссия ҳисобига оширилган нарх тўлайман. Ҳар куни узоқ масофага таксида қатнайдиганлар учун бу аҳамиятга эга. Ҳадеб «отказ» ни босувчи мижоз учун тариф нархлари кўтарилиб ҳам бораверади. Кейинги буюртмада оширилган нарх тўланади.

Картадан тўлов муаммосини эса гапиравериб оғиз оғриди. Лекин ўзини ўзи ислоҳ қилаётган такси сервислари йўқ эмас, албатта. Муаммолар «суғур куни»дек такрорланмаяпти. Ўсиш бор. Масалан, MyTaxi’дан фойдалансам, тўловни карта орқали деб белгилаб, машинага ўтирганимда, ҳайдовчи олдида ўзимни ўнғайсиз ҳис қилмайман. У ҳам картадан эканлигини билиб, оғринмади. Умуман, балки хаёлига ҳам келмас. Тарифлари ҳам яхши. Яқинда инстаблогер Хуснора Шодиева stories’да MyTaxi иловасининг ҳайдовчилар бўлимида янги изоҳ қўшилганини, ундан фойдаланиб кўрганини айтганди.

Кеча шуни эксперимент қилиб кўрмоқчи бўлдим. Борадиган жойимнинг тайини йўқ, шунчаки синаб кўриш иштиёқи тинч қўймаётган эди. Хуллас, иловадаги ўша шаблон изоҳни белгилаб, такси чақирдим: «Чарчаганман, орқа ўриндиқда мизғиб кетмоқчиман».

Такси келди. Nexia. Ўтирдим. Ҳайдовчи ғинг демади. Калонкалар гумбурлаб, энг бачкана қўшиқларни айтмади. Орқа ўриндиқда шинамгина жойлашиб, маза қилиб яйраб кетдим. Ҳайдовчининг ёши ҳам катта экан, анча йиллик тажрибага эгалиги билинди: секин ҳам эмас, тез ҳам эмас, маромида, хавфсиз ҳайдади. Амакини жуда гапга солгим келдию, ўзим белгилаган изоҳ эсимга тушиб, индамадим.

Обид Бобуров.


Муаллиф фикри таҳририят фикридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: