12:42 | 23.09.23

                       

Миллий ёки халқаро тил сертификатига эга бўлмаганларни истисно тариқасида ишга қабул қилишга рухсат берилди

Вазирлик бундай тоифадаги ўқитувчилар қандай ҳолатда ишлаши мумкинлигини очиқлади.

Ўзбекистонда 2023/2024 ўқув йилида миллий ёки хорижий тил сертификатига эга бўлмаган мутахассисларни истисно тариқасида ишга қабул қилишга рухсат берди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, давлат таълим муассасаларининг хорижий тиллар ўқитувчилари лавозимларига ишга янги қабул қилинаётган талабгор камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш лозимлиги белгиланган.

Шу билан бирга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» Давлат дастурига асосан мактабларда 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб, ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тилга ўргатиш амалиёти 7-синфдан босқичма-босқич йўлга қўйила бошланган.

Бироқ, ҳудудларда иккинчи хорижий тил бўйича ишга жалб этилган педагог кадрлар аксар ҳолатларда биринчи хорижий тил бўйича ҳам мутахассис бўлиб, иккинчи хорижий тил бўйича талаб қилинган сертификатларга эга эмас. Тегишли иккинчи хорижий тил бўйича мутахассис бўлмаган кадрлар эса ўқитувчи сифатида қайта тайёрловдан ўтиши талаб этилгани сабабли уларни ишга қабул қилишда муаммолар юзага келган.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириғига асосан, мазкур муаммолар ҳал этилгунга қадар мактабларда иккинчи хорижий тил бўйича педагог кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида 2023/2024 ўқув йилида B2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлмаган мутахассисларни истисно тарзида иккинчи хорижий тил ўқитувчиси этиб ишга қабул қилинишига рухсат берилгани маълум қилинди.

Белгиланган талаблар асосида иккинчи хорижий тил ўқитувчиларини ишга қабул қилиш кейинги 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилиши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: