23:47 | 06.12.23

                       

Мирзиёев 334 нафар маҳкумни афв этди

Давлат раҳбари Конституциянинг 31 йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида фармонни имзолади.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади.

Президент фармонига мувофиқ, Конституциянинг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 334 нафар шахс афв этилди.

Уларнинг 34 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилиб, 249 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан аввал шартли озод қилинди. Олти нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 45 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 18 нафарини чет эл фуқаролари, 23 нафарини аёл, 15 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ҳамда 88 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: