19:31 | 22.11.23

                       

Мирзиёев амалий ташриф билан Озарбайжонга боради

Давлат раҳбари президент Алиевнинг таклифига биноан 23-24 ноябр кунлари ушбу мамлакатда бўлади.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 23-24 ноябр кунлари амалий ташриф билан ушбу давлатда бўлади ва Боку шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) нинг биринчи саммитида иштирок этади.

Ташрифдаги дастур доирасидан кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Мақсадли фонд ташкил этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш учун «йўл харитаси» ни қабул қилиш, ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш ва бошқа масалалар ўрин олган.

Маълумот учун, СПЕКА дастури минтақа мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда уларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида  1998 йил 26 март куни Тошкент декларациясига мувофиқ таъсис этилган. Иштирокчи давлатлар – Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон.

Айни кунларда Боку шаҳрида СПЕКА’нинг қатор ишбилармонлик тадбирлари, шу жумладан иқтисодий форум ва Марказий Осиё мамлакатларининг саноат салоҳияти кўргазмаси ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон мудофаа вазири Ўзбекистонга ҳамдардлик билдирганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: