20:46 | 19.12.23
Учрашувда Трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 19 декабр куни Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари Қатар амири ва унинг халқини миллий байрами – Мустақиллик куни билан қутлади.
Учрарашувда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, янги қўшма инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан «яшил» энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, банк-молия, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм соҳаларида илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Транспорт ва логистика борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди ва Қатар амири Трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Бундан ташқари, 2024 йилда Доҳа шаҳрида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилишларини, икки мамлакат бизнес форумини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди. Учрашувдан сўнг, шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистонга амалий ташрифини якунлаб, Қатарга жўнаб кетди.
Маълумот учун, 2023 йилда Тошкент ва Доҳа шаҳарларида икки мамлакат дипломатик ваколатхоналари очилди.
Аввалроқ, Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Тошкентга келгани ҳақда хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: