22:30 | 14.12.23

                       

Мирзиёев электромобил заводи қуришга топшириқ берди

2024 йилда Ўзбекистонда 10 мингта электромобил ишлаб чиқарилади.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 14 декабр куни автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда сўнгги йилларда республикада автомобил ишлаб чиқариш 3 баробар кўпайиб, 2023 йил якунида бу кўрсаткич 415 минг донага етиши кутилаётгани айтилган. Соҳада давлат монополиясини йўқ қилиш ва рақобатни ривожлантириш мақсадида учта янги хусусий корхона ва нуфузли хорижий брендлар жалб этилиб, Ўзбекистондаги 8 та заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, юк ва йўловчи ташиш транспортлари, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар ишлаб чиқарилаётгани, бу соҳада икки мингдан зиёд корхона яхлит кооперация тармоғига боғлангани ва 50 фоиз маҳаллийлаштириш таъминлангани айтиб ўтилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мизиёев шу билан бирга, «Ўзавтосаноат» АЖ ҳам маҳсулотлар моделини кенгайтириб, сифатини яхшилаш, таннархни камайтириб, рақобат муҳитида ишлашга ўтиши зарурлигини эслатган. Бундан ташқари, Президент 2024 йилда электромобил заводини ишга тушириб, 10 мингта электромобил ишлаб чиқариш бўйича кўрсатма берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида 2023 йилда 3 минг 500 донадан ортиқ техника ишлаб чиқарилган, 2030 йилгача бу миқдорни йилига 16 минг донага етказиш мўлжаллангани ҳақида ҳам маълумот берилган.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Туркия президенти совға қилган Togg электромобилини ҳайдаб кўрганди. Шунингдек, Ўзбекистон қайси давлатдан энг кўп электромобил олиб келгани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: