22:52 | 18.12.23

                       

Мирзиёев меҳмонхoна ва меҳмoн уйларини кўпайтириш кераклигини айтди

Шунингдек, бир нечта туристик объектлар инфратузилмасини яхшилаш учун 30 млн доллар, уларга олиб борадиган йўлларни яхшилаш учун қўшимча 200 млрд сўм ажратилади.

Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини янада ошириш учун меҳмонхона ва меҳмон уйларини кўпайтириш лозимлиги Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган юқори қўшилган қимматли тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш учун шароитларни янада кенгайтириш, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларини ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида таъкидланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу борада Тошкент вилояти Паркент туманидаги Кумушкон, Ҳисарак, Суқоқ, Бошқизилсой, Чанги, Заркент, Бойқозон маҳаллаларида туризм маскани ташкил этилиши айтилган.

Хонобод шаҳри, Бойсун, Бахмал, Фориш, Ангрен ва Оҳангаронда ҳам туризм масканлари мастер режасини тайёрлаш топширилган.

Шу билан бирга, Омонхона ва Майданак каби туристик объектларга 30 миллион доллар йўналтириш, туризм объектларига олиб борувчи йўллар инфратузилмасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратишга қарор қилинган.

Шунингдек, йўлларни таъмирлаш билан бирга, улар атрофида комплекс хизматларни янада ривожлантириш белгиланган.

Туризм объектига олиб борувчи таъмирланаётган ҳар бир йўл бўйида савдо ва сервис шохобчаларини жойлаштириш бўйича мастер режалар ишлаб чиқилиши ва тадбиркорларга берилиши таъкидланган. Аҳоли ва туристлар учун қулай маршрутлар ишлаб чиқилиб, жамоат транспорти йўлга қўйилиши ва хостел ҳамда меҳмон уйлари ташкил қилиниши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: