16:02 | 18.11.23

                       

Мирзиёев Олимпия шаҳарчасига борди

Ҳозирда шаҳарчанинг 100 гектар майдонида 2025 йилги Осиё ва Параосиё ўйинлари учун қурилиш ишлари кетмоқда.

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, бугун, 18 ноябр куни Мирзиёев Олимпия шаҳарчаси қурилиши билан танишган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари шаҳарчани эксплуатация қилиш бўйича хорижий тажрибани жорий этиш, хавфсизлик чораларини кўриш ва қулайликларни ошириш юзасидан кўрсатмалар берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Осиё ўйинлари ўтгандан кейин мажмуалар бўшаб қолиши керак эмас, халқимизга хизмат қилиши керак. Бу ерда машғулотлар билан бирга спорт таълими, илми, тиббиёти мужассам бўлиши зарур. Яъни, бу жой мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлади. Кейинчалик бу ерда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, спорт федерациялари, Ўзбекистон давлат спорт академияси ва бошқалар фаолият кўрсата бошлайди. Майдончаларда юртдошларимиз ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади»,- деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, 2025 йилда ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилиши сабабли, 100 гектар майдонда 10 минг ўринли стадион ва 2 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган велодром, сув спорти саройи, яккакурашлар ва жамоавий ўйинлар мажмуалари барпо этилади. Шунингдек, 4 қаватли маъмурий бино, 15 та очиқ спорт майдони, югуриш йўлаклари, боғлар барпо этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Умуман, шаҳарчанинг 54 фоиз майдони яшил ҳудуд бўлади. Бунинг учун 37 гектарда сунъий кўллар ташкил қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Лойиҳа 70 та мамлакатда спорт иншоотлари қурган Хитойнинг «CAMC Engineering» компанияси билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: