21:00 | 11.11.23

                       

Мирзиёев тиббиёт ходимларига табрик йўллади

Давлат раҳбари ўз табригида бирламчи тиббий хизматлар 2 млн 100 минг нафардан зиёд аҳолига яқинлаштирилганини айтиб ўтган.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш ходимларига байрам табригини йўллаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ўз табригида жойларда 22 та оилавий поликлиника, 93 та оилавий шифокорлик пункти ва 394 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, бирламчи тиббий хизматлар 2 миллион 100 минг нафардан зиёд аҳолига яқинлаштирилганини айтиб ўтган.

Шунингдек, 8 миллион 600 минг нафар аҳоли профилактик тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 685 минг нафари амбулатор, 72 минг нафари эса стационар шароитда соғломлаштирилгани, скрининг текширувлари орқали 167 минг нафар фуқароларда юрак-қон томир, 52 минг нафарида қандли диабет касаллиги аниқланиб, уларнинг саломатлигини тиклаш чоралари кўрилганини таъкидлаган.

«Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман. Биз Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашни ўз олдимизга эзгу мақсад қилиб қўйган эканмиз, бу йўлда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши табиийдир. Ўз қасамёдига, касби ва бурчига садоқат билан меҳнат қилаётган, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимиз анъаналарининг давомчилари бўлган  сиз, азизлар бундан буён ҳам шу эзгу йўлда бор билим ва тажрибангизни сафарбар этасиз, деб ишонаман. Сизларни Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, ғоят шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда сиҳат-саломатлик, ютуқ ва омадлар, оилавий бахт-саодат тилайман» деган Мирзиёев.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: