Мирзиёев Тошкентдаги йўл ўтказгич лойиҳасини бориб кўрди
Янги ўтказгич светофорсиз «яшил чорраҳа» вазифасини бажаради.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Мирзиёев пойтахтнинг «Янги Ўзбекистон» кўчаси ва 4Р12 магистрал йўли кесишувида қуриладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишган.

Лойиҳага кўра, у ерда битта кўприк, учта туннел, тўрттадан айланма ва қўшимча йўллар барпо этилиши айтилган. Буларнинг эвазига чорраҳа светофорсиз «яшил чорраҳа» бўлади. Натижада ҳайдовчи ва йўловчиларнинг вақти ҳозиргига нисбатан 20-30 дақиқага тежалади ҳамда ҳаракат хавфсизлиги ошади.

Давлат раҳбари шунингдек, «Дўстлик – Қўйлиқ» ерусти метроси тагида қурилаётган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ҳам кўздан кечирган. Лойиҳа доирасида бу ерда 36 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, спорт ва болалар майдончалари, автотураргоҳлар барпо этилиши режа қилинган.

Маълумот учун, янги қурилаётган йўл ўтказгич келажакда Янги Тошкент шаҳрига олиб борадиган асосий йўл бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев Олимпия шаҳарчасига борганди.