20:01 | 30.10.23

                       

Мирзиёев транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ишлари билан танишди

Давлат раҳбари Тошкент халқаро аэропортида бўлиб, биноларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ҳам кўздан кечирган.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, бугун, 30 октябр куни давлат раҳбари Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш учун бир нечта объектларга ташриф буюрган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ўзининг ташрифи давомида об-ҳаво ноқулайликлари ва ҳарорат пасайиши даврида инфратузилма объектларида муаммо келиб чиқишининг олдини олиш, йўлларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш каби вазифалар бугунги кунда ўта долзарб масалалар эканлигини айтиб ўтган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мирзиёев танишув жараёнини Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгичдан бошлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, ушбу йўл ўтказгич пойтахтнинг Бобур кўчаси бўйлаб Кичик ҳалқа йўли ва темир йўл устидан ўтади. Автомобиллар қатновига қулайликни ошириш мақсадида бу ерда аввалги кўприкка ёндош тарзда йиғма монолит услубида яна бир эстакада қурилмоқда. Қурилиш битгач, кўприкнинг эни 46 метрга етади ва бу бир кеча-кундузда 20 минг транспортни ўтказиш қобилиятига эга бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан бирга, кўприк ёнида 2 та айлана, 4 та ёйсимон шаклдаги чиқиш-тушиш йўли барпо этилмоқда. Бу қайрилиб олиш хавфини йўқотиб, бошқа йўллардаги ҳаракатга қўшилишни осонлаштиради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, уч йиллик реконструкция ишлари натижасида пойтахт аэропортининг жўнаб кетиш терминали майдони 56 минг квадрат метрдан 80 минг квадрат метргача кенгайган. Бундан ташқари, ҳозирда яна бир халқаро терминал реконструкция қилинмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев геология соҳасидаги ишлар билан танишганди. Бундан ташқари, Қашқадарёга ташрифи чоғида Президент Мирзиёев мактабларда қурилишдаги хатоларни танқид қилиб, йўлак ойналарини ёпишни, агар деразалар кўп бўлса, синфхоналар умуман исимаслиги таъкидлаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: