Шу муносабат билан хориждаги иш берувчилар талаби асосида 5 минг ёшларни давлат ва хусусий марказларда касб ва тилга ўқитиш, минг нафар ўрта тиббиёт ходимини Германияга мақсадли тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди. Иқтисодиёт ва молия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликларига чет тили сертификати олган ёшларга ўқиш харажатини 50 фоизгача қоплашни йўлга қўйиш, немис ва француз тили бўйича B2 сертификатини олган ҳар бир ўқувчи учун хусусий ўқув марказларини субсидиялаш тартибини жорий этиш топширилди.

Рақамлаштириш вазирлигига вилоят IT экспортини 50 миллион долларга етказиб, камида минг нафар дастурчига халқаро бозорга чиқишга кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

Вилоятнинг энг фаол ёшлари ўз тенгдошларига мурожаат йўллаб, уларни билим олиш, касб ва тил ўрганиш, санъат ва спорт билан фаол шуғулланишга чорлашлари таклиф қилинди. Президент Андижонда ёшлар рассомчилик, кулолчилик ва ҳайкалтарошлик йўналишида ижод қилишлари учун шароит етарли эмаслигини қайд этди.

Шу боис «Янги Андижон» массивида Амалий санъат ижодкорлари маркази барпо қилинади.