21:43 | 12.01.24
Унда вилоят ҳокимларидан тортиб, округ қўмондонларигача иштирок этди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 12 январ куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда иштирок этди.
Йиғилишда глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
«Бугунги кунда ҳар биримиз амалда ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур», — деган Мирзиёев.
Президент ёшларни замонавий касбларга ўқитиш ва меҳнат фаолиятини бошлаши учун субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, ёшларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсадида медиа маконда олиб борилаётган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ишларни кучайтириш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, йиғилишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолишига урғу берилди.
Бу борада Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини рақамлаштиришни жадаллаштириш, вазирлик ва идораларнинг барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот маконига бирлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилиш якунида Президент барча ҳарбийларни, бутун халқни Қуролли кучлар ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: