17:57 | 01.02.24

                       

Мирзиёев металлургия корхоналарини ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишди

4 та металлургия корхонасига 7 миллиард 400 миллион доллар инвестиция киритилгани маълум бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 1 феврал куни металлургия корхоналарини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати ҳамда «Навоийуран» давлат корхонаси га сўнгги йилларда 7 миллиард 400 миллион доллар инвестиция киритилган. Натижада олтин ишлаб чиқариш ҳажми 23 фоиз, мис 41 фоиз, кумуш 60 фоизга ошган. Навоий комбинатида янги конлар ўзлаштирилиб, 3 та завод ишга туширилди. Ўзметкомбинат ва Навоийуранда ҳам ишлаб чиқариш кўпайган.

Ўтган 6 йилда ушбу корхоналарнинг жами саноатдаги улуши 10 фоиздан 17 фоизга, бюджет тушумларида эса 11 фоиздан 25 фоизга ошган.

Айтилишича, 2030 йилгача мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 2 баробар ошириш мақсад қилинган.

Давлат раҳбари хорижий экспертларни жалб этиб, комбинатларни рақамли трансформация қилиш, бунда «яшил» технологияларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини айтди. Шунингдек, комбинатларда меҳнат унумдорлигини ошириш, раҳбар ва мутахассислар фаолиятига самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) жорий қилиш кераклиги айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: