20:19 | 26.01.24

                       

Мирзиёевга мактабларда таълим сифатини яхшилаш бўйича таклифлар берилди

2024-2025 ўқув йилига қадар баҳолаш тизимини халқаро тестология мезонларига мослаштириш зарурлиги айтилди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 26 январ куни мактаб таълими сифатини яхшилаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда мактабларда таълим сифатини ошириш, ҳудудлардаги 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилгани, келгуси ўқув йилига қадар ушбу баҳолаш тизимини халқаро тестология мезонларига мослаштириш зарурлиги айтилди. Мактабларнинг ўзи ҳам аккредитациядан ўтказиладиган бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Малака ошириш марказлари эскича ишлаётгани, илмий салоҳияти юқори эмаслиги қайд этилди. Шу боис 14 та ҳудуддаги бундай марказларни фаолиятини қайта кўриб чиқиш, ўқитувчиларни касбий ривожлантириш дастурларини жорий этиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, мутасаддиларга таълим ташкилотлари фаолияти ва таълим сифати мониторинги платформасини ишга туширишга топшириқ берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, таълимнинг барча бўғинларида ислоҳотларни ягона консепсия асосида амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил қилинади. У боғча, мактаб, касбий ҳамда олий таълимда ўқув стандарти ва дастурларини илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқишга масъул бўлади. Давлат раҳбари мактаблар фаолиятида маҳалла раиси ва фаолларининг ўрни катта бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Маҳалладаги муҳит, аҳоли бандлиги кўп жиҳатдан ёшлар таълим-тарбиясига боғлиқ. Шундай экан, маҳалла раиси ота-оналар билан бирга мактаблар ҳаётида фаол қатнашиши, ёшларнинг билими ва касб эгаллашига эътиборли бўлиши керак», — деган Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 10 минг 284 та мактаб бор. Мактабларни йилига ўртача 400 минг ўқувчи битираётган бўлса, уларнинг 170 минг нафари таълимни давом эттирмоқда. Чет тилини билиш сертификатига эга бўлган мактаб битирувчилари сони охирги икки йилда 6 минг нафардан 18 мингга етди.

Аввалроқ, Ўзбекистонда телефондан кўп фойдаланадиган мактаб ўқувчилари қандай касалликлардан азият чекиши ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: