12:42 | 03.10.23

                       

Мобил интернет нархи бўйича мамлакатлар рейтинги эълон қилинди

Ўзбекистон рейтингда 2022 йилга нисбатан 7 поғонага пастлаган.

Ўзбекистон мобил интернет нархи бўйича дунёнинг 238 та давлати ичида 22-ўринни эгаллади. Бу бўйича маълумотлар Cable портали томонидан эълон қилинди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда мобил интернетдан фойдаланувчилар 1 гигабайт учун ўртача 0,30 доллар тўлайди. Бу кўрсаткич билан мамлакат Марказий Осиё давлатлари орасида 2-ўринни эгаллаган (дунё бўйича 22-ўрин). 1-ўринда эса Қирғизистон 0,17 доллар билан банд қилган. Кейинги поғоналарда Қозоғистон 0,41 доллар, Афғонистон 1,02 доллар, Тожикистон 1,65 доллар ва Туркманистон 11,42 доллар билан банд этган.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ўртасида 1 гигабайт учун мобил интернетнинг энг арзон нархи Қирғизистон (0,17 доллар) ва энг қиммат нарх Озарбайжон ( 1,76 доллар)га тегишлидир.

Бу кўрсаткичлар орқали 238 та давлат орасида Қирғизистон 8, Қозоғистон 35, Тожикистон 143 ва Туркманистон 231-поғоналардан жой олган.

Дунё бўйлаб 1 гигабайт учун энг арзон мобил интернет нархи 0,02 доллар билан Исроил давлатига тегишли бўлиб, энг қиммат нарх 43,75 доллар билан Зимбабвега тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ўзбекистон мобил интернет нархига кўра, дунё бўйича 15-ўринда қайд этилган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: