15:10 | 07.02.24

                       

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни барқарор ривожлантириш бўйича режалар белгилаб олинди

Тошкентда «Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзул ерларида барқарор ҳаётни таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган асос сифатида кўллар, сув-ботқоқ ва қирғоқбўйи ҳудудларини сақлаш ҳамда бошқариш» лойиҳаси бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 1-йиғилиши бўлиб ўтди.

Лойиҳа Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик фонд (ГЕФ) томонидан амалга оширилмоқда. Тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, эксперт ва соҳа мутахассислари иштирок этган.

Фото: Экология вазирлиги

«Лойиҳа Қорақалпоғистоннинг Оролбўйи ҳудуди ва Бухоро вилоятида янги экологик ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган. Тадбирда 2023 йилда амалга оширилган ишлар ва 2024 йилга мўлжалланган режалар ҳақида маълумот берилди. Лойиҳа доирасида 4 та компонент амалга оширилмоқда, улар орасида асосийлари сув ресурслари ва ер деградациясига қарши курашдир», — деди Оролни қутқариш халқаро жамғармаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги раҳбари Вадим Цоколов.

Фото: Экология вазирлиги

Тадбирда лойиҳа доирасида бажарилган ишлар муҳокама қилинган. Шунингдек, йўл қўйилган хато ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирларига эътибор қаратилган.

«Мақсадимиз 2024 йил учун қилиниши керак бўлган ишларни аниқлаш эди. Муҳокамалар давомида ҳар бир таклифга эътибор қаратиб, келажакдаги режаларни белгилаб олдик», — деди Оролбўйи сувли-ботқоқли ҳудудларни бошқариш лойиҳаси раҳбари Акмал Исматов.

Фото: Экология вазирлиги
  • Маълумот учун, лойиҳанинг мақсадли ҳудуди Ўзбекистоннинг жанубий ва жануби-ғарбий қисмлари, Амударёнинг қуйи оқими ва Орол денгизи ҳавзаси ҳисобланади. Бу ҳудуд маъмурий жиҳатдан Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё ва Мўйноқ туманларини ўз ичига олади.
Фото: Экология вазирлиги

Лойиҳа доирасида мақсадли ҳудудлардаги сув объектлари ўрганилган ва таҳлил қилинган, яйловларнинг ўтказувчанлигини баҳолаш учун маълумотлар тўпланган ва тавсиялар берилган. Мавжуд ва янги ташкил этилган қўриқланадиган ҳудудларнинг ҳолати баҳоланган, бир қатор меъёрий ҳужжатлар ва қонун лойиҳалари тайёрланган, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг географик маълумотлар базаси» ишлаб чиқилган, қўриқланадиган ҳудуд учун кузатув миноралари, йўлтанламас автомашиналар, квадрацикллар, камералар ва бошқалар харид қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: