12:35 | 21.10.23

                       

Наманганда 17,3 млн сўмга PUBG аккаунтини сотиб олган йигит чув тушди

Ушбу жиноятни содир этган шахс беш йилдан саккиз йилгача қамалиши мумкин.

Наманган вилояти Норин туманида яшовчи 21 ёшли Т.И. фирибгарлик йўли билан унинг банк картасидаги 17,3 миллион сўм миқдоридаги пул маблағи ўзлаштириб олинганлиги юзасидан ИИОга мурожаат қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур жиноятни Самарқанд вилояти Самарқанд туманида яшовчи 21 ёшли А.И. содир этганлиги Киберхавфсизлик ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув жараёнида аниқланган.

Унга кўра, жабрланувчи Т.И. Telegram’да monstersavdo номли канал орқали А.И. билан танишган ва у гўё кучайтирилган PUBG аккаунтини сотишини айтиб, Т.И.нинг банк картасидаги жами 17,3 миллион сўмни ўз картасига алдов йўли билан ўтказиб олган.

Кейинчалик, икки йигит ўртасидаги келишмовчилик сабаб А.И. 12 миллион сўм пулни Т.И.га қайтариб бериб, қолган сўммани ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган.

Жабрланувчи қолган пулни ҳам қайтаришини сўраганда, А.И. турли баҳоналар қилиб, ёзишмаларни ўчириб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси ( фирибгарлик) 3-қисм «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов ишлари давом этмоқда.

Маълумот учун, қонунга мувофиқ Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисм «г» бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: