18:32 | 16.01.24

                       

Наманганда 21 ёшли аёл ва унинг 4 нафар эгизак чақалоғи вафот этди

Bugun.uz маълумотларига кўра, аёл «клофит» таблеткасини шифокор рухсатисиз қабул қилган ва аёлда аввалдан буйракда муаммо бўлган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, аёл Наманган вилояти Давлатобод туманида яшовчи 21 ёшли студент бўлган. У турмушга чиққанидан 8 ой ўтгач тухумдонларни ривожлантириш мақсадида «клофит» таблеткасини шифокор рухсатисиз қабул қилган ва аёлда аввалдан буйракда муаммо бўлган. Шунинг учун у шифокор томонидан болаларни олиб ташлаш билан огоҳлантирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан маълумот бериб, ҳолат шу йилнинг 13 январ соат 21:10 да Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказида содир бўлганини маълум қилди. 21 ёшли фуқаро М.М. кучли туғуруқолди оғриғи билан оғир аҳволда олиб келинган.

Қабул вақтида унга «1-ҳомиладорлик, 24 ҳафта 1 кун. Кўп ҳомилалик. (тўрт эгиз ҳомила). Уретрогидронефроз 3-даражаси. Сурункали анемия ўрта даражаси» дастлабки ташхиси қўйилган.

Аёлда мазкур ҳомиладорлик тушиш хавфи ва уретрогидронефроз 2-, 3-даража билан кечган. Шу сабабли М.М. уч марта марказнинг ҳомиладорларни даволаш бўлимида зарур муолажалар олган.

Ўша пайтда аёлнинг яқинларига 4 эгиз ҳомила муддатига етиб, туғилиши қийин эканлиги ва буйраклар уретрогидронефрози 2-, 3-даражаси ҳомиладор саломатлигида жиддий асоратлар бериши мумкинлиги ҳақида тушунтирилган. Аёл тиббий назоратда бўлган вақтда унга антибактериал терапия ва дистресс синдром профилактикаси ўтказилган.

2024 йил 14 январ куни соат 23:00 да беморда оғриқ кучайиб, ўта қисқа вақтда ҳомиланинг патологик тушиши кузатилган. Ҳомилаларнинг вазни 410 гр, 380 гр, 390 гр ва 400 граммдан иборат бўлган.

Шундан кейин аёл бачадони инструментал тозаланиб, гинекология бўлимига ўтказилган. Бироқ 15 январ соат 06:50 да беморнинг аҳволи кескин ёмонлашиб, унда клиник ўлим ҳолати юз берган. Аёл дарҳол сунъий нафас олиш ускунасига уланиб, бирламчи реанимацион чоралар кўрилишига қарамасдан шу куни соат 07:10 да унда биологик ўлим кузатилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, беморнинг ўлимига ўпка артерияларининг массив тромбоэмболияси ва ўткир юрак-қон томир нафас етишмовчилиги сабаб бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича прокуратура ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: