14:35 | 25.11.23
Беморлар 285 нафар бўлиб, уларнинг 62 фоизи ҳали бир ёшга тўлмаган болалардир.
Наманган вилоятида қизамиққа чалинган болалар сони кескин ошиб кетаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар тарқалди.
Санитария-эпидемиология қўмитасига кўра, вилоятда қизамиқ касаллиги билан гумон қилинган беморларни стационар даволаш учун 340 та шифо ўрин ташкил этилган. Улардан 240 шифо-ўрни вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, у ерда 235 нафар бемор, 100 шифо ўрни вилоятнинг «Бешкапа» болалар сиҳатгоҳида ташкил этилган ва сиҳатгоҳда икки ёшдан юқори беморлардан 20 нафари даволанмоқда.
Қўмитанинг ёзишича, вилоятда жами 85 шифо-ўрни захираси бор. Беморлар сони 285 та бўлиб, уларнинг 62 фоизи бир ёшгача бўлган, 25 фоизи 1-3 ёшдаги болалардир. Диагностикум, реагент ва вакциналарнинг етарли захираси яратилган.
Шунингдек, вилоятга 9 500 доза қизамиқ-қизилча вакцинаси берилган бўлиб, жами 1 936 нафар болалар эпидемиологик кўрсатма асосида қизамиқ касаллигига қарши вакцина билан эмланган. Ҳозирда даволаш-профилактика муассасаларининг эмлаш хоналарида 310 доза қизамиқ-қизилча вакцинаси захираси мавжуд.
Маълумот учун, 2023 йил 10 ойи давомида вилоят бўйича жами 735 та қизамиқ касаллиги лаборатория текширувида тасдиқланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: