14:11 | 06.02.24

                       

Наманганда қалбаки дори тайёрлаб, вилоятларга тарқатаётган фельдшер ушланди

Наманганда тиббиёт ходими қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғуллангани аниқланди. Яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари асосан Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилган.

Наманган вилояти Чортоқ туманида қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган тиббиёт ходими қўлга олинди.

Маълум бўлишича, Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси ходимлари божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда «Зодак», «Анаферон», «Хилак Форте» ва «Витамин В6» номли қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ҳамда сотиш билан шуғулланган тиббиёт ходимининг фаолиятига чек қўйилди. 

Хусусан, Чортоқ туман Тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам бўлими фельдшери 1000 дона қалбаки «Зодак» дори воситасини Андижон вилоятига сотиш мақсадида олиб кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди. Шунингдек, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех борлиги аниқланиб, 763 дона «Анаферон», 2125 дона «Зодак», 4000 дона «Витамин В6» дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, дори воситаларини қадоқлашда фойдаланиладиган флаконлар, қутилар, йўриқнома ва ёрлиқлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Таъкидланишича, мазкур шахс тайёрланган дори воситаларини сақлаш учун қариндошининг яшаш хонадонидан омбор сифатида фойдаланган ва тезкор тадбир давомида ушбу манзил ҳам кўздан кечирилган. У ердан сотиш учун тайёрлаб қўйилган 120 дона «Зодак», 260 дона «Анаферон», 96 дона «Хилак Форте» ҳамда 313 дона номсиз флаконларда сироп ҳолдаги дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув давомида Чортоқ туман тез ёрдам бўлими фельдшери 2023 йилнинг сентябрь ойидан буён ушбу ноқонуний иш билан шуғулланиб келгани ва уни ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган Андижон вилоятида яшовчи фуқаролар Қирғиз Республикасидан ноқонуний йўллар билан олиб келинган дори воситалари хом-ашёлари билан таъминлаб тургани маълум бўлди. Яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари асосан Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми «б» ва «е» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, мазкур шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: