10:08 | 27.11.23

                       

Наманганда тез ёрдам машинаси ЙТҲга учради

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тез ёрдам ҳайдовчиси ҳалок бўлди.

Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар беришича, шу йилнинг 26 ноябр куни Чортоқ тумани Алихон шохобчаси тез тиббий ёрдами ҳайдовчиси А. Н. (1988 йилда туғилган) навбатчиликни қабул қилгандан сўнг, фелдшер Т. Х. билан бирга дори-дармон олиш учун туман тез тиббий ёрдам марказига йўл олган.

Маълумотга кўра, ҳайдовчи Пастки Қорабоғ қишлоғидан ўтиб келаётган вақтда олдида ҳаракатланиб келаётган йўловчи ташувчи Damas автомобили тўсатдан тўхтаб олиши натижасида, йўл транспорт ҳодисасининг олдини олиш мақсадида қарама-қарши йўналишга чиқиб олган. Бунинг оқибатида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Cobalt русумли машина билан тўқнашув содир бўлган. Натижада ҳаракатни бошқариб келаётган ҳайдовчиси А. Н. оғир тан жароҳати олган, ёнида ўтириб келган ҳайдовчи шериги И.С. (ҳайдовчи И.С. ўз хоҳиши билан йўл-йўлакай марказга келиш учун машинага чиққан) билан биргаликда Чортоқ туман тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб келинган.

Шифохонада ҳайдовчи Н. А. га шошилинч ёрдам кўрсатилишига қарамай, ҳаётий номутаносиблик ҳолатида бўлгани сабабли вафот этган. Ҳайдовчи И.С. бош миянинг ёпиқ шикасти ҳамда пешона соҳасидан жароҳат олиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган, ҳозирда ҳолати қониқарли. Фельдшер Т. Х. эса ҳеч қандай тан жароҳати олмаган.

Бошқарманинг билдиришича, ижтимоий тармоқларда тарқалган тез тиббий ёрдам санитар машинаси носоз ҳолатда бўлгани ҳақидаги хабарлар асоссиз ҳисобланади. Автомашина 2012 йил ишлаб чиқарилган Damas бўлиб, техник ҳолатдан соз бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида Cobalt ва Isuzu автобуси тўқнашиб кетиб йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: