10:23 | 08.12.23

                       

«Навбаҳор» футбол клуби шифокори самолётда одам ҳаётини сақлаб қолди

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, самолёт кўтарилиши пайтида 60-70 ёшлар атрофидаги йўловчининг қон босими кўтарилиб кетиб, ўзини ёмон ҳис қилган.

Шу йилнинг 6 декабр куни Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридан Тошкентга учаётган самолётда бўлган «Навбаҳор» футбол клуби шифокори аҳволи ёмонлашган йўловчилардан биринининг ҳаётини сақлаб қолган. Bugun.uz’даги мавжуд маълумотларга кўра, Ҳиндистонда жарроҳлик амалиётини ўтказиб, Ўзбекистонга қайтиб келаётган 60-70 ёшлар атрофидаги эркак самолёт кўтарилиши пайтида қон босими ошиб, ўзини ёмон ҳис қилган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниясининг ходимлари ҳам барча керакли шароитни яратиб берган, бир нечта йўловчи аҳволи ёмонлашган одамга жойини бўшатиб берган.

Bugun.uz мухбири шифокор Жаҳонгир Нуритдинов билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, Нуритдинов парвоз охирига қадар беморга қараб, аҳволининг нормаллашишига ёрдам берган. Шифокорнинг қўшимча қилишича, унинг тажрибасида бундай ҳолат аввал ҳам юз берган. «Навбаҳор» клуби 2019 йилда Қримга сафар қилганида «Қрим-Москва» йўналишида учаётган самолёт «Домодедово» аэропортига қўнишидан аввал йўловчи аёлнинг қон босими ҳаддан ташқари кўтарилиб, унда «гипертоник кризис» кузатилган. Шунга қарамай, шифокор унинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

Маълумот учун, «Навбаҳор» клуби 4 декабр куни Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида маҳаллий Mumbai City клуби устидан 1:2 ҳисобида ғалабага эришди. Шу тариқа жамоа ўз гуруҳида 13 очко билан Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоасидан сўнг иккинчи ўринни эгаллаб, Осиё чемпионлар лигасининг нимчорак финал босқичига йўл олди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: