15:32 | 12.05.23

                       

Ўзбекистонликлар неча йилдан буён навбатсиз, кутишларсиз машина олишни орзусига етди — ҳеч қандай навбатлар йўқ, чунки машиналарнинг ўзи йўқ

«Навбатсиз» машиналар, 200 млн сўмлик Gentra ва «растаможка» — UzAuto Motors ҳақида

Ўзбек авто бозоридаги ягона монополист UzAuto Motors, унинг «навбатларсиз» машиналари ва растамошка. Президент гапини икки қилган амалдорлар ҳақида гаплашамиз.

Неча йиллардан буён навбатсиз, кутишларсиз машина олишни орзу қиладиган ўзбекистонликлар бугун орзусига етди. Ҳозир агар машина оламан десангиз ҳеч қандай навбатлар йўқ. Чунки ишлаб чиқарилаётган машинанинг ўзи йўқ.

Президент Ўзавтосаноат олдига 2022 йилнинг 1 майига қадар автосалонлардаги навбатларни тугатиш вазифасини қўйганди. Орадан бир йил ўтиб, монополист президент топшириғини тескари тушунгани маълум бўлиб қолди.

Давлат раҳбари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, тўлов қилинган машиналарни эгаларига ўз вақтида етказиб бериш билан навбатларни бартараф этиш талабини қўйгани аниқ эди. Лекин бугунга келиб автосаноат шунчаки навбатни йўқ қилди. Энди ҳеч ким тўлов ҳам қилолмайди, янги машина сотиб ҳам ололмайди. 420 миллион сўмлик Malibu ва импорт қилинадиган бошқа жуда қиммат моделларни айтмаганда, албатта.

Компания декабр ойи бошида бюджет модел ҳисобаланган — Damas, Labo, Cobalt ва Gentra учун шартнома тузишни тўхтатган эди. Орадан беш ой вақт ўтган бўлса-да, бу моделлар сотуви қачон очилиши борасида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Завод машиналар учун шартнома қилишни тўхтатгани ортидан иккиламчи бозорларда турли позициядаги ҳамёнбоп машиналарнинг баҳоси космосга учиб кетди. OLXда Gentra ўртача 200 миллиондан сотилмоқда.

Вақтида катта шов-шув билан сотуви йўлга қўйилган  Tracker 2 ва Onix автомобиллари учун ҳам шартномалар олиш тўхтатилган. Мантиқан ўйлайдиган бўлсак, шартнома тузишни тўхтатиб туриш одатда инвентаризация ва кейинги нархларнинг ошиши билан боғлиқ бўлади. Масалан, сўнгги 5 йилда UzAuto Motors турли баҳоналар билан автомобиллар нархи ошишидан аввал сотишни тўхтатган. Сўнгги марта Траcкер нархи 2023 йилнинг январида кўтарилган эди.

Энди эътиборингизни рақамларга қаратамиз. 2022 йилда «эркатой»имизга жами 336 миллиард сўм субсидия берилган. Бу ҳали ҳолваси. Тасдиқланган 2023 йил бюджетига кўра, «арзанда»мизга яна 418,2 млрд.сўм компенсация тўлаш кўзда тутилган.

Президент автозавод ўзига берилган солиқ ва бошқа имтиёзларга қарамасдан, ҳеч қачон халқ манфаати учун хизмат қилмаганини таъкидлаган.

Экспортга юборган машинамизни ички бозорга нисбатан 30−40 фоиз арзонроқ қилиб сотар едик. Чегарадан ўтказиб қўяр эдик-да, экспорт қиляпмиз, дер эдик. У экспорт эмас, бало эди, – деган давлат раҳбарининг ўзи ҳам.

Шундан сўнг, ўзимизники қиммат бўлса, инамарка мининглар деб, 2022 йил 21 феврал куни автомобиллар импорти учун божхона божлари ставкаларини пасайтириш тўғрисидаги қарор имзоланганди. Қарор имзоланган пайтдан эътиборан бож ставкалари 30 фоиздан 15 фоизга туширилиши назарда тутилган. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи ставкаси ўша пайтдаги 15 дан 12 фоизга туширилгани ҳисобига иномаркаларни олиб кириш учун ҚҚС ҳам 3 фоизга арзонлашиши айтилганди. Ҳа, ҳақиқаттан ҳам ҚҚС фоизи 12 га тушди, лекин UzAuto Motors нархларни туширмади. Қайтанга янги комплектация баҳонасида янада қимматлаштирди.

1 январдан бошлаб UzAuto Motors илова ва бот орқали таклиф этаётган автомобиллар нархини ўзгартиришсиз қолдирган. ҚҚС пасайиши монополлашган бозорларда фақат монополистларнинг фойдасига ишлайди. Бу уларга таъсир ҳам қилмайди.

Нархлар пасайтирилмайди, лекин — нарх ошиши давом этадими? Aлбатта давом этади. Фақат бу янги комплектациялар ва позициялар баҳонасида рўй беради. Қимматлаштирилган комплектациялар чиқарилади, арзонлари эса йўқотилади. Аввалроқ шу усул Spark ва Nexia 3 мисолида қўлланилган.

Ғазаблантирадиган яна бир ҳолат бор. Монополист харидорга шартнома олиш тўхтатилган дейилган машинани хоҳласа почка, почка қилиб тайёр қилиб беради. Мана битта ҳолат, ишлаб чиқарилиши тўхтатилгани 7 ойча олдин расман эълон қилинган ва охирги захиралар дея сентябргача контрактация дарчаси очилган Nexia-3 автомобили ишлаб чиқарилиши феврал ойида қайта тикланган. Расмий статистикага ишонилса, февралда 467 дона Nexia 3 конвейердан чиққан.

Aммо расман бот ва илова орқали Nexia 3 бўйича контрактация тўхтаганига 6 ойдан ошган. Февралда ишлаб чиқарилган автомобиллар эса кимга ва қай тарзда, қайси нархларда сотилгани мутлақо номаълум.

27 йилдирки ишонч билдирилган, имтиёзлар ёғдирилган Uz Auto халқ унга эмас, у халққа хизмат қилиши кераклигини англамаса керак.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: