19:46 | 17.11.23

                       

Навоийда 49 ёшли аёл машинасида 74 ёшли қарияни уриб юборди

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, аёл фелдшер бўлсада унга ёрдам кўрсатмаган.

Навоийнинг Учқудуқ туманида 49 ёшли фелдшер аёл Lacetti машинасида 74 ёшли қарияни уриб, қочиб кетиши оқибатида қария вафот этган.

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, Учқудуқ 2-ТСҚда фелдшер бўлиб ишлаган Шоҳида Раззоқова тиббий кўникмаларга эга бўлсада, 2023 йил 24 июл куни кечки пайт машинасида А-379 автомобил йўлининг Томди тумани ҳудудида йўлни кесиб ўтаётган 74 ёшли Қудратни уриб, биринчи ёрдамни кўрсатмасдан қочиб кетган. Қария эса шифохонага етмасдан вафот этган.

Ҳолат юзасидан 23 октябр куни жиноят ишлари бўйича Томди туманида бўлиб ўтган судда аёл тақ этган овоз эшитганини ва у бирор ҳайвонни уриб юборганини тахмин қилиб, тўхтамасдан ўтиб кетганини сабаб қилиб кўрсатган.

«Машина тақ этганида мен бирон бир ҳайвонни уриб юбордим деб ўйладим ва тўхтамасдан йўлимда давом этдим»,-деган фелдшер.

Жабрланувчининг ҳамроҳлари айтишича, улар йўл четида машинанинг огоҳлантирувчи чироғини ёқиб тўхтаб турганини айтиб, судланувчининг «атрофда ҳеч ким йўқ эди» деган кўрсатмаси ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдиришган. Аёл жабрланувчининг оила аъзоларидан узр сўраб, ҳамма харажатларни қоплаб беришини айтганда, улар таклифни қабул қилмасдан, суддан оғир жазо тайинлашни сўрашган.

Суд ҳукмига кўра, аёлга Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисм (ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса) ва 117-модда (хавф остида қолдириш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 3 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: