10:38 | 05.02.24
Навоийда тадбиркор қум таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш билан шуғулланиб, умумий фойдаланишдаги электр ва газга ноқонуний уланиб, жами 478,5 млн сўмлик табиий ресурсларни ўзлаштирди.
Карманада тадбиркор қум таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш фаолияти билан шуғулланиб, умумий фойдаланишдаги электр ва газга ноқонуний улангани аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий шаҳар бўлими томонидан ИИБ, “Ўзэнергоинспекция” ва “Ҳудудгаз Навоий” ГТФ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «N-C.» МЧЖ раҳбари Ф.А. Кармана тумани “Янгиариқ” МФЙ ҳудудида жойлашган нотурар жой объектида қум таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш фаолияти билан шуғулланиши аниқланган.
Ушбу нотурар бинони ҳамда табиий газни кучайтириб берувчи электр насосни тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр энергияси ва газ тармоқларига улаб, жами 478,5 миллион сўмлик табиий ресурсларни ўғирлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.