9:39 | 21.03.24

                       

Наврўз — қадим қадриятлар таровати

Наврўз – азалий миллий қадриятлар тимсоли, меҳр-оқибат, саховат ва эзгулик рамзи ҳисобланади. Ушбу байрам халқимизнинг бағрикенглик, яхшилик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатларини ўзида намоён этади.

Наврўз — нафақат ўзбек халқи, балки Осиё халқлари томонидан беш минг йилдан ортиқ вақтдан бери кенг нишонланиб келинадиган йилнинг энг асосий байрамларидан биридир.

“Наврўз”нинг пайдо бўлиши ҳақида қўплаб афсоналар мавжуд.

Масалан зардуштийлар даврида эзгулик худоси Ахурамазда ( Хурмуз) баҳор, ёзда, ёвузлик худоси Анхарамайню (Ахриман) кузда ва қишда ҳукмронлик қилади, деган қараш мавжуд бўлган. Баҳорнинг биринчи кунини эзгулик худоси ёвузлик худоси устидан ғалаба қилган муқаддас сана, деб байрам қилишган. Бу сана “Наврўз” кунига тўғри келган.

Яна бир қадимий афсонага кўра, Одам Ато ва Момо Хаво илк бор учрашган кун “Наврўз” байрами деб тан олинган эмиш.

Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида эса янги йил (“Наврўз”)нинг пайдо бўлиши шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Жамшид одамларга яхшилик қилиш мақсадида уларни касбга ўргатади, темирни эритиб қурол ясатади, ип йиғиртириб, кийим тўқитади, ҳаммом, уй, саройлар бунёд қилдиради., табиблик сирларини очади, кема ясатади, боғ барпо қилдиради. Ниҳоят, Жамшиднинг  ишлари гўркираб, мева берган кунда ўзига тахт ясатиб, унда осонгина кўтарилади. “Шоҳнома”да Жамшиднинг тахтга ўтириш маросими наврўз бошлангани сифатида қайд этиб ўтилган. Ва бу кун 21 мартга тўғри келган.

Шунингдек, Абу райҳон Беруний шундай деб ёзиб қолдирган: “Наврўз… ўтмиш замонларда… қуёшнинг саратон  буржига кириш  пайтига тўғри келар эди. Сўнгра, ў орқага сурилгач, баҳорда келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга ҳизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушушидан гуллар очилгунча, ҳайвонларда уйгониш мавсуми бошланишидан то насл вужудга келгунича давом этган вақтда келади. Шунинг учун “Наврўз” оламининг бошланиши ва яратилишига далил қилинган”.

БМТ Бош ассамблеяси 21 март санасини Халқаро Наврўз куни деб белгилаган ва барча мамлакатларни ушбу қадимий байрамни бутун дунёда оммалаштиришга ҳисса қўшишга чақирган.

Ота боболаримиз, Наврўзни — баҳорий янгиланиш, муҳаббат тараннуми, унумдорлик ва дўстлик байрами сифатида кенг нишонлаб келишган. Наврўз тантаналарини қай тарзда нишонлаш йил давомида олинадиган ҳосил ва баракага боғлиқ деб ишонишган.

Юртимизда, Наврўз байрами кунлари фольклор коллективлар ва маданият вакиллари куй-қўшиқлар куйлашади. Цирк ҳамда дорбозларнинг ўйинлари, бахши, шоирларнинг чиқишлари ташкиллаштирилиши байрамга ўзгача хушкайфият бағишлайди. Байрам оши ва сумалак сайли эса бутун бир халқимизнинг бирдамлигини яна бир бор намойиш этади.

Байрамларимиз, тўй-маъракаларимизда ҳеч бир миллатнинг тарихида бўлмаган меҳр-оқибат, мардлик, тантилик, ҳалоллик каби эзгу фазилатлар билан уйғунлашиб кетади. Айнан Наврўз байрами лапарлару ёр-ёрлар, чанқовузнинг қалб нозик торларини чертиб, дилларни ўртагувчи оҳанги, курашу қулоқ чўзма,чиллигу арқон тортиш, улоқ-кўпкари каби халқ ўйинларини янада жонлантиради.

Наврўз куни ҳамма бир-бирлариникига меҳмонга бориб, байрамни қўшнилар ва дўстлар билан биргаликда нишонлайдилар. Агар байрам куни чақалоқ дунёга келса, Наврўз ёки Наврўза дея исм қўйилади.

Наврўз муносабати билан беморлар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга мурувват кўрсатиш ишлари янада оммалашади.

Bugun.uz жамоаси фурсатдан фойдаланиб, барчан­гизни янгиланиш ва яшариш айёми Наврўз байрами билан самимий табриклайди.

Барчангизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, оила­вий бахту саодат, Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли ва шарафли ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайди.

Наврўзингиз муборак бўлсин!

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: