14:36 | 22.12.23

                       

Ноқонуний йўл билан бойимоқчи бўлганлар қўлга тушди

Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган икки йигит 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Сурхондарёлик Сирожиддин ўзининг тошкентлик таниши Азиз билан ҳалол меҳнат қилишдан кўра осонгина пул топишнинг энг қабиҳ йўлини танлади. Уларнинг режалари жиноятни келтириб чиқаришини, оқибатда қамоқ билан тугашини билишса-да, гиёҳванд моддалар савдосига аралашишни маъқул кўришди. Яъни айни навқирон ёшдаги бу икки йигит «Жалол», «Калта» лақабли шахслар билан гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш юзасидан олдиндан жиноий тил бириктириб, Тошкент шаҳридан Сурхондарё вилояти Денов тумани йўналишида йўлга чиқишди.

Сафарларининг эртаси куни тахминан соат соат 06:00 да Денов туманига етиб келишиб, Сурхондарёда истиқомат қилувчи «Жалол» исмли шахс билан учрашиб, ундан 1 килограмм, «чарс» деб аталувчи гиёҳвандлик воситасини олишди. Заҳри қотилни манзилга элтишлари учун улар «Сурхондарё-Тошкент» йўналишида ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланувчи такси ҳайдовчисига тегишли бўлган автотранспорт воситасида Тошкент шаҳрига йўл олишди.

Афсуски, улар манзилларига ета олишмади. Чунки Сирдарё ЙПХ масканида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан тўхтатилиб, белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганида мазкур автотранспорт воситаси юкхонасида бўлган, кейинчалик ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, оғирлиги 1000 грамм «гашиш» эканлиги тасдиқланган гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди. Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди томонидан бу йигитларнинг жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан квалификация қилинган ҳолда ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бироқ жиноий гуруҳ аъзоси Азиз суднинг мазкур ҳукмидан норози бўлиб, ўз шикоятида, унинг жиноий ҳаракатларида гиёҳвандлик моддасини сотиш ёки сотиб олиш ва манфаат кўриш нияти бўлмаганлиги, ҳеч ким билан ўзаро келишувга бормаганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, қарамоғида бир нафар ёш фарзанди борлиги, турмуш ўртоғи ҳомиладор эканлиги, оилада ягона боқувчилигини айтиб, Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 3-қисмига қайта квалификация қилиниб, мазкур Кодекснинг 57-моддасини қўллаб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашини суддан сўради.

Апелляция инстансияси суди Азизнинг шикоятида келтирилган важларни жиноят иши ҳужжатлари билан бирга атрофлича муҳокама қилиб, биринчи инстансия суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди. Чунки унинг айби гувоҳларнинг кўрсатувлари, транспорт воситасини кўздан кечириш баённомаси, суд-кимёвий экспертизасининг хулосалари ва жиноят ишидаги бошқа объектив далиллар билан ўз исботини топди.

Шу тариқа апелляция инстансияси суди биринчи босқич судининг ҳукмида ифодаланган барча хулосалари асосли, ишнинг ҳақиқий ҳолатига мувофиқ бўлиб, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текширилиб, Азизнинг жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан тўғри квалификация қилинган, деган хулосага келинди ва апелляция шикоятида келтирилган важлар рад қилинди. Яъни суд ҳукми ўзгаришсиз қоладиган бўлди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу икки йигитнинг нотўғри танлаган йўли уларни панжара ортига етаклади, ёш умрининг ўн йили озодликдан маҳрум ҳолда ўтадиган бўлди. Бу эса гиёҳванд моддалар савдосининг аянчли якунига мисол сифатида бошқалар учун сабоқ бўлиши аниқ.

Азамат Кураматов
Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: