19:52 | 27.02.23

                       

Ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланишга рухсат берилади

Шунингдек, болаларнинг ногиронлиги бўлган шахс деб топилиши асосли эканлигини аниқлаш тартиби соддалаштирилади

Президент «Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор билан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ҳамда уларга ғамхўрлик қилувчи фуқароларга давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш, хусусан, давлат идоралари раҳбарлари (мансабдор шахслари) қабулига навбатсиз кириш бўйича имтиёзлар берилади.

Фото: AP

Қарорда қайд этилишича, 2023 йилда муҳтож шахслар хорижий технологиялар асосида тайёрлангансифатли замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари, шу жумладан, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминланади. Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларибилан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилиш бекор қилинади.

Янги тартибга мувофиқ 2023 йил 1 майдан бошлаб тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун шу муассасада унинг отаси ёки онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахсга) ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади. Стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади ҳамда ушбу шахслар учун бепул овқатланиш йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан болаларнинг ногиронлиги бўлган шахс деб топилиши асосли эканлигини аниқлаш мақсадида уларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларининг йўлланмасига асосан қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб «Махсус педагогика, дефектология» магистратура мутахассисликлари бўйича давлат олий таълим муассасаларига қабултўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2023/2024 ўқув йилига қабул жараёнидан бошлаб қабул тартиби, тест синовлари тўғрисида абитуриентларга маълумот бериш учун тайёрланадиган материаллар ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматда бўлиши, жумладан, видеороликлар сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилишини таъминланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: