19:30 | 04.04.24

                       

Ноҳақ ҳукм қурбонлари, судьялар ўз қасамёдига хиёнат қилаверишади (ми?)

«Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, одил, ҳаққоний бўлишга тантанали қасамёд қиламан». Илк бор лавозимга сайланган ёки тайинланган судья ўз ваколатларини амалга оширишдан олдин мана шундай қасамёд қилади. Судьянинг қасамёди ва унинг тартиби ҳақида Ўзбекистон Республикасининг 1993 йилдан 2021 га қадар амалда бўлган “Судлар тўрисида”ги қонунининг 64-моддасида, шу қонуннинг 2021 йилдаги янги таҳрири 60-моддасида ҳам батафсил ёзиб қуйилган.

Судьялик қасамёди билан бирга доим ёнма-ён амал қилинадиган «судьянинг ички ишончи» ҳам бўладики, у шунчаки оддий ишонч эмас, ҳуқуқий ҳужжатларда акс этган бўлиб, қасамёдининг мантиқий давоми саналади. Судья қарор қабул қилиш жараёнида қонун нормалари билан бир қаторда ўз ички ишончига ҳам таяниши лозим. Яъни, якуний ва қонуний қарор қабул қилишда судьядаги ички ишонч ҳам муҳим фактор ҳисобланади.

Судлар тарихига назар ташласак, ҳар доим ҳам судьялар ўз қасамёдига содиқ бўлмагани ва ички ишончига таяниб қарор қабул қилмаганлигига гувоҳ бўламиз. Аслида қасамёдига хиёнат қилиш мамлакатнинг 3-4 нафар судьяси томонидан содир этилган тақдирда ҳам, бу жуда катта ҳуқуқий фожеа саналади. Юзлаб судья томонидан қасамёдига бир неча маротаба, такрор ва такрор хиёнат қилинишини ҳеч иккиланмай “қатағон” деб атаса тўғри бўлади.

Масалан, 2007 йилдан 2016 йилгача бўлган муддатда авж олган “қама-қамалар” ҳам қатағондек ҳолатни юзага келтирган десак адашмаймиз. Шу йилларда судьялик вазифасига тайинланиб, фаолият олиб борган судьялардан, (уларнинг кўпчилиги ҳозир ҳам судья бўлиб ишлашмоқда) ноҳақ ўқилган ҳукмлар ҳақида сўралса, “судьяларнинг ўзи мустақил қарор қабул қила олишмаганлигини, кўринмас кучларнинг доимий босими остида бўлишганини” баҳона қилишиб, вазиятдан чиқиб кетишга чоғланишади.

Ўша давр судьяларига, “Халқаро инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”, судьялик қасамёди, Конституция ва қонунларга асосланиб, қарор қабул қилиши шарт бўлганини эслатмоқчи бўлсангиз, сиз билан мулоқотни тўхтатади ёки жавоб бермасдан гапни бошқа мавзуга буришга уринишади.

Уларнинг стандарт баҳонаси акс этган анъанавий жавобларига нисбатан шундай дегимиз келади: “Босим остида ҳукм ўқишга мажбур бўлгандирсиз, аммо ўзингиздек бегуноҳ инсон(лар)ни ноқонуний айбланишига қўшилишингиз, уларга ноҳақ ҳукм чиқариб азоб-уқубатларга рўпара қилганингиздан кўра, инсонийлик нуқтаи-назаридан соф виждон билан ишдан бўшашингизга ҳеч қандай куч сизга босим ўтказа олмас эдику”.

Президент Ш.Мирзиёвнинг ташаббуси ва талаби билан 2016 йилдан бошлаб Суд-ҳуқуқ соҳасида шиддатли тарзда ўтказилган ислоҳотлар, ноҳақ қамалган ҳамда ноқонуний жавобгарликка тортилган минглаб шахсларни реабилитация қилинишига сабаб бўлди. Ушбу ислоҳотларни олқишлаган ва қўллаб-қувватлаган ҳолда айтиш жоизки, судлар томонидан 2016 йилга қадар инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва судьялик қасамёдига беписанд қаралган.

Рақамларга эътибор беринг, 2017-2023 йилларда 5956 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Ҳарбий судлар томонидан эса худди шу йиллар давомида 198 нафар собиқ ҳарбий мақомидаги шахсларга нисбатан оқлов ҳукми ўқилган. Оқланганларнинг аксарияти 2007-2016 йилларда ноҳақ ҳукм қилиниб жазога тортилганлардир. Буни шу даврга мос бўлган жазога тортилганларнинг статистик рақамлари билан солиштирилганда ҳар юзта ҳукмдан биттаси ноҳақ ҳукм қилинганини исботлайди. Шу ўринда, мамлакатимиздаги жиноят судлари сони 205 талигидан келиб чиқилса, 6000 га яқин ноҳақ қамалганлардан бир неча ўн нафарига айнан бир суд томонидан устма-уст ноҳақ ҳукм ўқилаверганини кўриш мумкин.

Табийки барча оқланган шахслар реабилитация қилинганидан сўнг маънавий зарар ундиришга ҳаракат қилади. (Ривожланган давлатларда шахсни ноҳақ қамалишига сабаб бўлган барча жавобгарликка тортилади). Оқланганларга маънавий зарарларни ундирилиши эса бюджет гарданига миллиардларни илиб қўяди. Шу жиҳатдан олиб қаралса, судьяларнинг ўз вазифасига сидқидилдан ёндошмагани туфайли давлат манфаатларига катта зарар етказилган.

Судьялар олий кенгашининг хабарига кўра, биргина 2023 йилнинг ўзидагина одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузган 17 нафар судья вазифасидан озод қилинган. Ишдан бўшатилган ушбу судьяларнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 231-моддасида кўрсатилган айбни содир қилганлиги, яъни олдиндан била туриб, адолатсиз ҳукм (ҳал қилув қарори, ажрим, қарор) чиқаргани учун жиноий жавобгарлик муқаррар бўлсада, уларнинг шунчаки ишдан бўшатилиши ҳар қандай онгли кишини ҳайратлартиради. Дарвоқе жиноят кодексининг айнан мана шу 231-моддасида белгиланган санкцияга эътибор қаратсак. Моддада ёзилганидек: олдиндан била туриб, адолатсиз ҳукм (ҳал қилув қарори, ажрим, қарор) чиқарилганганда айбдор судья жуда енгил ( 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш) жазосига тортилади.

Фақатгина Ўша ҳаракат одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлсагина, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган. Шу кодекснинг 267-моддасидаги транспорт воситасини олиб қочиш жиноятини содир қилган шахсга эса беш йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши белгиланган. Инсон тақдирини ўзгартириб юборадиган даражада ноҳақ ҳукм қилиш жинояти билан моддий восита ҳисобланган транспорт воситаси олиб қочилиши жинояти ўртасидаги жазолаш тафовути одамни таажубга солиб қўяди.

Бугунги кундаги суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларига қарамай, адолатсиз ҳукм ўқиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Интернетда шов-шувга айланган хотин-қизларга тегажоғлик қилган шахсларни узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилиши ёки оғир жиноят содир қилганлиги учун енгилгина жазо билан бошини силаш ҳукмлари биз учун жумбоқли масала бўлиб қолаверади.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индекси” рейтингида Олий суд 50,1 балл билан қизил рўйхатдан ўрин олган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: