15:47 | 06.02.24

                       

Нуробод ва Ургутда кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖлар аниқланди

Нурободда 124,6 минг доллар, Ургутда 5 млрд сўм кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖлар ушланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нуробод туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди. Бу ҳақда департамент ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «S.D.» фермер хўжалиги раҳбари С.Р. чорва молларни сотиб олиш ва чорвачиликни ривожлантириш мақсадида ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредит эвазига сотиб олинган 1 250 бош қўйларни бошқа шахсларга сотиб юборган. Шу орқали жами 124,6 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «W.G.» МЧЖ раҳбари О.С. қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш учун ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган 5 миллиард сўм кредитнинг бир қисмини бошқа кредит қарздорлиги учун йўналтирган. Шу орқали 2,3 миллиард сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: